Сайлов участкаларидаги камчиликлар бартараф этилмоқда

  • 12:11
  • 28,11-2019
  • 102
  • Улашинг

Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Жиззах вилоятида ҳам жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга қизғин тайёргарлик кўриляпти. Чунончи, вилоятда ташкил этилган 519 та сайлов участкаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи тадбирга ҳозирланмоқда.

Таркибида ички ишлар органлари, қурилиш назорати инспекцияси, соғлиқни сақлаш ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари бўлган ишчи гуруҳлар сайлов участкаларида яратилган шарт-шароитларни ўрганиб чиқди. Бу жараёнда биноларнинг яроқлилиги, санитария ҳолати, ёнғин хавфсизлиги каби жиҳатларга эътибор қаратилди.

— Сайлов ўтадиган ҳудуд ва бинолар ёритилиши, фуқаролар эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилганлиги, видеокузатув ускуналари, қутқарув йўлаклари ва автотураргоҳларнинг мавжудлиги нуқтаи назаридан кўрикдан ўтказилди, — дейди вилоят ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходими, капитан Абдужалол Норбоев. — Аниқланган камчиликларни бартараф этилмоқда. Худди шунингдек, сайлов ўтадиган куни жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш тадбирлари ҳам белгилаб олиниб, бу борада зарур чоралар кўрилмоқда.

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

«Роstdа.uz».