Қилмишини кеч англаб етишди

  • 09:11
  • 13,11-2019
  • 541
  • Улашинг

Халқимизда «Ҳаромдан ҳазар» деган гап бор. Азал-азалдан нафс қутқусига учиб турли ноқонуний йўллар билан бойлик орттиришга уриниш қаттиқ қораланган. Сир эмаски, ғараз ниятда ўғрилик, фирибгарлик, босқинчилик ва бошқа шу каби жиноятларга қўл урган кимсаларнинг топгани хору зорлик, борар жойи эса панжара орти эканлигини ўзлари ҳам яхши билишади. Афсуски, бу ҳақиқатни учқудуқлик уч йигит бироз кеч англади...

1993 йилда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган Ш. А. уч йил муқаддам Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаб, айни пайтда Учқудуқ туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Жорий йилнинг 18 сентябрь куни у Шимолий кон бошқармаси тоғ ускуналарини таъмирлаш цехида инженер лавозимида ишлайдиган Ф. Э. ҳамда 25 ёшни қаршиласа-да, ҳалигача бирор касбнинг бошини тутмаган таниши Ф. Ф. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, тумандаги Геологлар кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирига бостириб киришади. Ўша пайтда хонадон эгасининг тўққиз ёшли фарзанди Муҳаммад уйда ёлғиз ўзи эди. Қалбини ғараз ният эгаллаган босқинчилар боланинг қўлларини боғлаб, уйдаги темир сейфда сақланаётган 26 миллион
500 минг сўм пул ва «Самсунг» русумли уяли телефон аппаратини қўлга киритиб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади.

 – Ушбу ҳолат бўйича навбатчилик қисмига хабар берилгач, жиноятчиларни «иссиқ изида» қўлга олиш мақсадида зудлик билан зарур чоралар кўрилди, – дейди туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор С. Райимов. – Қўни-қўшнилардан сўраб-суриштирилди, воқеа содир бўлган куни яқин атрофдан ўтган бегона кишиларнинг шахси ўрганилди. Олинган тезкор маълумотлар ҳамда кўп қаватли уйлар олдига ўрнатилган видеокузатув ускуналаридаги тас­вирлар ёрдамида жиноят икки кун ичида фош этилди.

 – Бировнинг мол-мулкини эгаллаш, осон йўл билан пул топишдек ғараз ниятда босқинчилик қилган ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси, капитан Нодир Бозоров. – Улар, албатта, қилмишларига яраша қонунда кўрсатилган жазони олишди.

 Ҳа, жиноят жазосиз қолмайди. Афсуски, айни навқирон ёшида панжара ортини танлаган бу йигитлар жиноий қилмишининг оқибати қанчалик қимматга тушишини вақтида англаб етишмади. «Босқинчи» деган қора тамға энди бир умр уларнинг бошини хам, юзини қора қилишини аввалроқ ўйлаганларида, эҳтимол, бу ишга қўл уришмасди.

 

Нигора РАҲИМОВА,

«Postda» мухбири.

Навоий вилояти.