Ўлим билан боғлиқ автоҳалокатлар 17,2 фоизга камайди

  • 17:11
  • 12,11-2019
  • 3148
  • Улашинг

Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вилоятда йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳолатлар, аниқланган қоидабузарликлар ва йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари қарийб 20 фоизга, ўлим билан боғлиқ автоҳалокатлар сони эса 17,2 фоизга камайишига эришилди. Таҳлил асосида автоҳалокат ўчоқлари аниқланиб, онлайн тарзда ишловчи бешта «АutoСon» русумли фоторадар ўрнатилди.

Ўтган даврда ЙПХ инспекторлари томонидан 184086 та қоидабузарлик аниқланди. Уларнинг 62547 таси қўпол қоидабузарликлардир. Жумладан, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолати 1525 тани ташкил этган бўлса, 3163 та ҳолатда ҳайдовчилар белгиланган тезлик қоидаларига риоя қилмаган. Қоидабузарликларнинг 3191 таси пиёдалар томонидан содир этилган.

Ҳисобот даврида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида вилоят бўйича 678 та янги йўл белгиси ўрнатилган, 2419 та яроқсиз йўл белгиси янгисига алмаштирилган. Салкам 253 минг квадрат метр автомобиль йўлларининг қатнов қисми таъмирланди. Бухоро шаҳридаги саккизта серқатнов чорраҳага 32 та видеокузатув мосламаси ўрнатилди. Айни пайтда вазиятлар марказига уланган видеокузатув камералари орқали автоматик тарзда қайд қилинган қоидабузарликлар юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўриб борилмоқда.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Қувват ЯРАШОВ,

майор.

 Бухоро вилояти.