Ҳайдовчининг уқувсизлиги сабаб йўловчилар жароҳатланди

  • 16:11
  • 08,11-2019
  • 197
  • Улашинг

Яқинда жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Акбар Абидов (исм-шарифлар ўзгартирилди) транспорт воситасини бошқариш хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган ҳолда, йўловчиларнинг ўртача оғир ва ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳатлари олишларига сабаб бўлгани билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.

Воқеа тафсилотлари қуйидагича. А. Абидов шу йилнинг 11 июль куни соат 11:00 ларда ўз бошқарувидаги ичида 20 нафарга яқин йўловчи бўлган «ISUZU» автобусини «Янгиер – Гулистон» йўналиши бўйича бошқариб бориши давомида «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 77-банди 3-қисми талабларига риоя этмаган. Яъни шу пайтда номаълум шахс бошқарувида бўлган «Спарк» автомашинасининг ўнг томонидан ҳаракатланиб келаётганлиги сабабли транспорт воситасининг тезлигини уни тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўрмаган.

Натижада автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, автобус йўлнинг ўнг четидаги пастликка ағдарилиб кетган. Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) окибатида автобус салонида бўлган 16 нафар йўловчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилоят филиалига ётқизилган.

Суд такдим этилган материалларни ўрганиб чиқиб, гувохлар кўрсатмаларини тинглаб, А. Абидовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)нинг 266-моддаси 1-қисмида кўрсатилган, яъни транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлиши жиноятини содир этган деб топди. Судда ЙТҲда турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган йўловчилар аҳволи инобатга олиниб, айбланувчи томонидан барча жабрланувчилар олган зарарлар тўлик копланган. Шу боис суд томонидан айбланувчининг жазодан озод этиш ҳақидаги қилган мурожаати қаноатлантирилди.

                             Ф. СУВАНКУЛОВ,

   жиноят ишлари бўйича

 Мирзаобод туман суди раиси.