Болаларни алдаманг!

  • 16:11
  • 08,11-2019
  • 144
  • Улашинг

Руҳшуносларнинг фикрига кўра, бола тарбиясида ўз ҳаловатимизни ўйлаб ишлатадиган айрим иборалар фарзандларимизда ёлғончилик ва ўзига нисбатан ишончсизлик хусусиятларининг шаклланишига сабаб бўлиши мумкин экан. Руҳшунос Гулзода Соибназарова бу фикрларни қуйидагича изоҳлади:

«Қўрқма, оғримайди!»

Биз бу иборани кўпинча фарзандимиз билан шифокор қабулига борганда (укол олишида ёки жароҳатларини боғлашда) ишлатамиз. Ахир, бу жараёнлар оғриқсиз бўлмаслиги ҳаммага аён-ку. Шу гапдан сўнг оғриқни ҳис қилган бола ота-онасига ҳам, шифокорга ҳам ишонмай қўяди. Табиийки, кейинчалик оқ халатли шифокорни узоқдан кўрганда ҳам додлаб хархаша қилади.

«Сен қолавер, мен кетдим!»

Ўйнаётган болани уйга олиб кириш учун айтган шу гапингиздан сўнг у қўрққанидан, йиғлаганча ортингиздан югуради. Сиз мақсадингизга етдингиз, шундайми? Лекин бола бу таҳдид ёлғон эканини билмайди ва унинг онгида: «Онам бир куни мени ташлаб кетиши мумкин», деган фикр ўрнашиб қолади. Сиз бу усулингиздан қанчалик кўп фойдалансангиз, унинг қалбида ота-она муҳаббатига бўлган ишонч парчаланиб бораверади.

«Баракалла, яхши бажаряпсан!»

Тўғри, болани рағбатлантириб туриш керак, лекин меъёрдан ошмаслиги шарт. Йўқса, кейинчалик мақтамасангиз, ҳеч бир ишни қилишни хоҳламайди.

«Билмайман!»

Жуда кўп савол бериш болаларга хос одат. Уларнинг саволларига эринмасдан жавоб беришга ҳаракат қилинг. Бола ота-онасини энг билимли инсонлар деб билади. Шу боис «Билмайман!» деган жавобингиз у учун қаттиқ зарба ҳисобланади. Айниқса, жавобни тарбиячисидан ёки бошқа бировдан эшитган болага бу янада аянчлироқдир. Энди унинг назарида ота-онасидан ҳам ақлли инсонлар бор. Сиз бунга қандай қарайсиз?

«Ўйлаб кўрамиз

Ҳаммамиз биламизки, бу «йўқ» деган гапнинг бошқача кўринишидир. Болада умид уйғотиб, уни алдаб нима қиласиз? Яхшиси, аввал бошданоқ «Йўқ!» деб қўя қолинг! Қолаверса, унинг ҳар бир илтимосига «Хўп!» дейиш шарт эмас.

«Бугун парк ишламайди»

Болалар айланишга боришни жуда яхши кўришади. Табиийки, ота-она маданий ҳордиқ учун ҳар доим ҳам вақт топа олмайди ва осонгина: «Бугун парк ишламайди», деб қўя қолишади. Лекин деразадан, машина ойнасидан парклар ёки болалар майдончаларида ўйнаётган болаларни кўриб қолган бола энди сиз ҳақингизда нима деб ўйлайди? Демак, ёлғон гапириш мумкин экан, деган фикрга келади. Ундан кўра «Бугун вақтим йўқ, кейинроқ борамиз», деб вазиятни тўғри тушунтириш лозим.

«Мен сенинг ёшингдалигимда бундай қилмаганман

Болалар биз ҳам адашганимизни, хатолар қилганимизни, ҳар қандай одам ҳам бирор ишни бир неча бор уринганидан сўнг уддасидан чиқишини билишлари лозим. Бизнинг юқоридаги гапимиз эса боладаги ўзига бўлган ишончни синдириб қўяди.

«Мен сенинг ҳар бир қадамингни кўриб, билиб тураман

Бу гапдан кейин бола ўзини ҳимоясиз ҳис қилади. Ҳар бир қадамини қўрқиб босади. Ундан кўра болага қилган ишини қўрқмасдан айтишга ўргатиш лозим. У сиздан қўрқяптими, бора-бора айбини бошқаларга ағдаришни ўрганади.

«Торт (шоколад) тугади

Бу болаларни ширинликлардан тийиш учун ишлатиладиган машҳур ёлғон. Лекин фарзандингиз тортни кесаётганингизда, шоколадни дўкондан сотиб олганингизда қанча бўлган-у, яна қанча қолганини яхши билади. Ёлғон гапиришнинг нима кераги бор? Ундан кўра озгина бериб, кўп ейиш зарарли эканини, у қандай оқибатларга олиб келишини тушунтирган маъқул эмасми?

«Ўйинчоқларинг қаердалигини билмайман. ўзинг йўқотгансан!»

Айрим ота-оналар болалари ўйинчоқларни ёйиб ташламаслиги учун уларни яшириб қўйишади. Кейин болани уларни ўзи йўқотганига ишонтирмоқчи бўлишади. Ҳақиқатан ҳам ўйинчоқларини излаб топа олмаган бола ўзини айбдор ҳис қила бошлайди. Бу эса кейинчалик ҳам айбдорлик ҳисси билан яшашга олиб келиши мумкин.

«Эртага яна келамиз!»

Кўпинча болани кўндириш учун айтиладиган бу гапнинг ёлғонлиги аниқ. «Кейинроқ келамиз» ёки «бошқа келмаймиз», дейишни эп кўрмаган ота-оналар шу гапни ишлатишади. Бола бунинг ёлғонлигини билганидан сўнг сизга бўлган ишончи сўнади.

Хулоса ўрнида демоқчи бўлганимиз, бола онги топ-тоза варақ, унга нимани ёзсангиз, келажакда ўшанинг натижасини кўрасиз. Шунинг учун болани ёлғонларингиз билан аврашдан эҳтиёт бўлинг.  

 

Адолат ФАЙЗИЕВА ёзиб олди.