Муштумзўрлик қимматга тушди

  • 19:11
  • 07,11-2019
  • 300
  • Улашинг

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани суди томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирига турли даражадаги тан жароҳатни етказган икки нафар ҳайдовчининг ҳаракатлари юзасидан жиноят иши кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Акмал Ботиров (исм-шарифлари ўзгартирилган) «Ласетти» русумли автомашинасини йўловчиларсиз Гулистон-Деҳқонобод йўналиши бўйлаб бошқариб келаётган бўлган. Ушбу автомобиль йўлининг қарама-қарши йўналишидан эса Ҳасан Бойиров ичида йўловчилар бўлган «Каптива» русумли автомашинасини узоқни ёритувчи чироқларни ёққан ҳолда бошқариб келган. Натижада Акмал Ботиров бошқарувидаги автомашина йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, «Каптива»нинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган.

Бу воқеадан сўнг ҳайдовчилар йўл четида тўхтаб ўзаро жанжаллашиб,   бир-бирини уриб, турли тан жароҳатини етказишади. Шу вақтда «Матиз» русумли автомашинасида ҳаракатланиб келган профилактика инспектори ва бошқалар уларни зўрға ажратади. 

Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида улар Мирзаобод тумани ИИБ биносига келтирилади. Икки ҳайдовчи шунда ҳам тегишли хулоса чиқармайди: Уларнинг даҳанаки жанжали бу жойда яна давом этади.

Қисқаси, ҳайдовчиларнинг жанжали қимматга тушди. Акмал Ботировнинг укаси автомашинани таъмирлаб беришни сўраб борганида «Каптива» ҳайдовчиси Ҳасан Бойиров харажатдан қочиб, уни уриб, оғир тан жароҳати етказади. Суд экспертиза хулосалари ва бошқа тақдим этилган ҳужжатларга таяниб, жавобгарнинг қилмишига яраша ажрим чиқарди: У жабрланувчининг даволаниши учун кетган харажатларни тўлаш баробарида, «Ласетти» автомашинасини ҳам таъмирлаб беришга мажбур бўлди.

Агар улар инсонийлик фазилатларини унутмаганда воқеа бу қадар жиддий тус олмаган, ўзлари ҳам маҳалла-кўй олдида шарманда бўлмасди. Бу каби кўнгилсиз ҳолатлар бошқа ҳайдовчиларга сабоқ бўлиши керак. 

Ф. СУВОНҚУЛОВ,

 Жиноят ишлари бўйича

Мирзаобод туман суди раиси.