Пора бериш – жиноят!

  • 19:11
  • 07,11-2019
  • 92
  • Улашинг

Орамизда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиб, қилмишини ноқонуний йўллар билан беркитишга уринадиган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Хусусан, Фарғона вилояти Бувайда туманида истиқомат қилувчи, 1979 йилда туғилган фуқаро Х.Б. ҳуқуқбузарлик содир этиб, сўнг уни беркитмоқчи бўлди.

У ўзига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан тўпланган ҳужжатларни судга юбормаслик эвазига Бувайда тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспекторига уч юз минг сўм пулни пора тариқасида таклиф қилади. Профилактика инспекторининг пора бериш жиноят эканлиги, тўпланган ҳужжатлар бўйича суд томонидан қонуний қарор қабул қилиниши, қилмишининг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиришига қарамасдан, у ўз ниятидан қайтмайди.

Профилактика инспекторининг раҳбариятга мазкур ҳолат юзасидан билдиргиси асосида олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро профилактика инспекторига уч юз минг сўм пулни пора тариқасида берган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди.

Бундай ҳолат шу туманда яшовчи В.Ж. исмли бошқа бир фуқаро билан ҳам рўй берди. У ўз айбини яшириш учун профилактика инспекторига бир миллион сўм миқдорида пора беришга уринди.

Ходимнинг касбига садоқати туфайли жазодан қочмоқчи бўлган бу фуқаро ҳам ашёвий далил билан қўлга олинди.

Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

             Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.