БИЛАСИЗМИ?

  • 16:11
  • 06,11-2019
  • 178
  • Улашинг

Бошқа нотўғри йўналиш поездига адашиб чиққан йўловчи, поездни энг яқин станцияда тарк этиши керак, дея маълумот беради Ҳуқуқий ахборот телеграм канали.

Бу ҳолатда йўловчи поездга адашиб чиққан станциясига бепул қайтариб юборилади. Чиптада кўрсатилган муддатдан олдин поездга чиққан йўловчи йўлдаги станцияда ўз чипталарини қайта расмийлаштириш шарти билан шу поездда манзилига етиб олиши мумкин.

Чиптасида кўрсатилганидан қимматроқ вагонга (масалан, чипта плацкартга олинган, вагон купе бўлса) кириб қолган йўловчидан жарима ундирилмайди. Йўловчи, бу ҳолда, унинг чиптасига мос келувчи вагонга ўтиши шарт ёки бўш жойлар бўлса, қўшимча тўлов эвазига ушбу вагонда қолиши мумкин.

БИЛАСИЗМИ?

Энергетик ичимликлар рекламасида қуйидагилар тақиқланади:

– соат 7:00 дан – 22:00 гача энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;

– энергетик ичимликлар намуналарини 18 ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;

– 18 ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи ёки тасвири туширилган футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни тарқатиш ва сотиш;

– асосан болалар учун мўлжалланган газета ва журналларда, тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш.

БИЛАСИЗМИ?

Меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича:

– сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари);

– даволаш-профилактика озиқ-овқати;

– газли шўр сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун);

– махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланади.

Бундай ишларнинг рўйхати, бериладиган нарсаларнинг нормалари, таъминот тартиби ва шартлари жамоа келишувларида, жамоа шартномаларида, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

 БИЛАСИЗМИ?

Қонунчиликка кўра, товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек, уларни ўзгартириб ўрнатиш 223 000 сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

БИЛАСИЗМИ?

Ички ишлар органлари ходимлари қуйидаги ҳолатларда сизнинг автомобилингиздан мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин:

– табиий офат юз берган жойга бориш;

– шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга олиб бориш;

– жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ички ишлар органларига олиб келиш;

– ҳодиса жойига ёки ички ишлар органларининг шахсий таркибини жанговар тревога бўйича тўплаш жойига бориш учун.

Бу ҳолатда, транспорт воситасидан фойдаланилганлиги фактини тасдиқловчи ҳамда ундан фойдаланган ички ишлар органи ходимини идентификацияловчи ҳужжат берилади.

БИЛАСИЗМИ?

Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

БИЛАСИЗМИ?

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

БИЛАСИЗМИ?

Қонунчиликка кўра, ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади.

 БИЛАСИЗМИ?

Ички ишлар органи, ёнғинга қарши хизмат, тиббий тез ёрдам ва бошқа махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганлик 223 000 сўмдан 669 000 сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

БИЛАСИЗМИ?

Қуйидагилар 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

– ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

– ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

– 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

– ногирон боласи бўлган оилалар;

– болани тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар);

– ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

– ёлғиз пенсионерлар.

БИЛАСИЗМИ?

Боғчага болани қўйишда қуйидагиларга имтиёз берилади:

– ногирон бўлган шахсларнинг болалари;

– уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари;

– ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;

– талабалар ва педагогларнинг болалари;

– етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;

– бошқа муассасалардан ўтказилган болалар;

– акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар.

Бунда мазкур рўйхатдаги болаларга боғчада бўш ўринлар мавжуд бўлганда биринчи навбатда йўлланма берилади.

БИЛАСИЗМИ?

Қонунчиликка кўра, иш қидираётган шахслар хусусий бандлик агентликлари олдида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– ишга жойлаштиришга кўмаклашиш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бажарилишининг бориши ҳақида ахборот олиш;

– хусусий бандлик агентлиги томонидан шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда, хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг бекор қилинишини талаб қилиш;

– хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома хусусий бандлик агентлигининг айби билан бекор қилинганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зиён компенсация қилинишини талаб қилиш;

– ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда тегишли давлат органларига, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга, хусусий бандлик агентликларининг бирлашмаларига ёки судга мурожаат қилиш.

 

Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот телеграм каналидан олинди.