Қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш тизими жорий қилинди

  • 15:11
  • 06,11-2019
  • 173
  • Улашинг

 

“Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4505-сон, 02.11.2019 й.) қабул қилинди, дея маълумот бермоқда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот телеграм канали.

Қарорга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий қилинди. Мониторингнинг асосий вазифалари қонун ҳужжатлари ижросининг ягона амалиётини жорий этиш, уларнинг Ўзбекистон қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларидаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратишлардан иборат.

Қарорга кўра, мониторинг Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режасига мувофиқ амалга оширилади.

Мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган қонун ҳужжатлари бўйича ўтказилади.

Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторинг ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Шу муносабат билан вазирликка давлат бошқаруви органлари ўтказадиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этиш ва ҳуқуқий мониторингни ўтказишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳуқуқи берилди.

Қарор билан, шунингдек, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида ташкил этиладиган махсус электрон майдончада амалга оширилади.

Маст ҳолда машина бошқарманг

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, 5 миллион 575 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, дея маълумот бермоқда Ҳуқуқий ахборот телеграм канали.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, 8 миллион 920 минг сўм миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Маст ҳолдаги шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, 5 миллион 575 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

             Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот телеграм каналидан олинди.