Бир мақсад йўлида

  • 09:11
  • 06,11-2019
  • 190
  • Улашинг

Халқимиз тинчлик-осойишталигини таъминлаш йўлида куну тун хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимлари учун давлатимиз томонидан кўплаб имконият ва шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган тўққиз қаватли 36 хонадондан иборат барча қулайликларга эга хизмат уйи шаҳримиз осойишталик посбонларига тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўз олган Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлиги, бу каби рағбатлар эса уларнинг хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришда муҳим омил бўлишини таъкидлади.

Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш лозимки, мазкур уйнинг биринчи қаватидан ушбу маҳаллада хизмат олиб борувчи икки нафар профилактика инспекторига ҳам хизмат уйлари берилди.

Тадбирда сўзга чиққан фахрийлар ҳам ходимлар ўзларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан руҳланиб, келгуси фаолиятларида юқори натижаларга эришишига ишонч билдирди. Шунингдек, тадбирда уйларнинг қуриб битказилишида астойдил хизмат қилган бир гуруҳ қурувчилар ҳам рағбатлантирилди.

 * * *

Шу куни Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимлари яна бир кувончли воқеанинг шоҳиди бўлишди. Яъни, Патруль-пост хизмати бригадаси отлиқ отряди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда ИИВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ИИББ бошқарма бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ички ишлар вазири тантанали тадбирни очар экан, жорий йилнинг шу давригача мамлакатимиздаги маҳаллаларнинг ярмида умуман жиноят содир этилмаганини мамнуният билан таъкидлаб, мазкур отряд ҳам шаҳримиз осойишталигига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Тадбирда сўзга чиққан Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Рустам Жўраев ва бошқалар ҳам жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ходимлар учун давлатимиз ва вазирлик томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор учун миннатдорлик билдиришди.

Шундан сўнг ушбу бинонинг қурилиши ва таъмирланишида жонбозлик кўрсатган бунёдкорлар ҳамда отлиқ отрядга хориждан зотдор отларни етказиб бериш ва отлиқ ходимларнинг малакасини ошириш йўлида жонкуярлик билан хизмат қилган Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерацияси ва бошқа бир қатор ташкилотларнинг раҳбар ходимлари ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан бинонинг рамзий калити топширилгач, бу ерда хизмат қилаётган ходимлар ва отлар учун яратилган барча шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиқилди.    

– Мазкур отряд ходимлари мамлакатимиз пойтахтида ўтказиладиган оммавий тадбирлар ва жамоат тартибини сақлашга муносиб ҳисса қўшишга доимо шайдир. Зеро, бизни мазкур эзгу мақсад бирлаштириб турибди, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Муродулла Алиқориев.  

  Иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаган тантанали тадбир якунида ушбу отряд ходимлари жанговар отларида кўргазмали чиқишлар намойиш этишди.

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.