Дарё бўйидаги олишув

  • 09:11
  • 06,11-2019
  • 182
  • Улашинг

Кетма-кет отилган ўқ овози тун сукунатини бузиб, чор атроф­дан акс садо берди. Бу пайтда турмуш ташвишларидан толиққан одамлар мириқиб ҳордиқ чиқараётганди. Ярим тундаги бу овозни ким эшитди, ким эшитмади. Эҳтимол, эшитганлар ҳам, иссиқ ўрнидан туришга эриниб, уйқусини қолган жойи­дан давом эттиргандир. Ўша пайтда икки нафар осойишталигимиз посбони хавфли жиноятчилар билан олишаётганди...

Тунги хизматга жалб қилинган Тошкент вилояти ИИББ ППХ отряди сафдор ходимлари, сафдорлар Рамиль Пайзбеков ҳамда Медет Ускембаев Чирчиқ шаҳри ҳудудида хизмат олиб бораркан, аҳён-аҳёнда ўтиб кетаётган машиналар чироғи бир лаҳза атрофни ёритар, сўнг яна зимзиё тун қопларди. Ҳушёр ходимлар дамба-дам фонарини ёқиб атрофни диққат билан кузатар, ҳаммаёқ осойишта эканига ишонч ҳосил қилгач, йўлида давом этарди.

Тун кимларгадир ором олиш, ҳордиқ чиқариш учун. Баъзилар эса тунда ҳам қандайдир юмуш билан шуғулланиб, оилам, рўзғорим деб тер тўкишади. Аммо қоронғиликдан манфур ниятда фойдаланадиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Бундайларнинг ғараз ниятига туну кун бедор осойишталик посбонлари чек қўйишади. Рамиль билан Медет ҳам дарё ёқасидаги хилватроқ жойда турган машина ёнидаги шахсларни кўриб, кўнгилларига шубҳа оралади.

— Бу пайтда нима қилаётган бўлиши мумкин, яна хилват жойда? — деди Рамиль шеригига шубҳаланаётганини билдириб.

— Текшириб кўриш керак, булар яхши ниятда турганга ўхшамайди.

Икковлон кўприкдан айланиб ўтиб, шубҳали машина турган жойга боришди. Ходимлар ўзларини таништиргач, номаълум шахслардан ярим тунда бу ерда турганининг сабабини сўрашди.

— Мана бу укамиз билан олди-берди масаламиз бор эди, шуни ҳал қилиб оляпмиз, — деди улардан бири ёнидаги йигитга ишора қилиб.

Осойишталик посбонлари ҳужжатларни ва машинани кўздан кечирмоқчи эканини айтишди.

— Марҳамат, текшираверинглар, — деди бояги кимса.

Шу пайт улардан бири четроққа ўтиб, алланимани отиб юборди. Дарҳол ҳушёр тортган ходимлар отган нарсасини олиб келишни буюрди. Иложсиз қолган кимса улоқтириб юборган елим идишдаги гиёҳвандлик моддасини (экспертиза хулосасидан сўнг маълум бўлди) олиб келиб машинанинг капоти устига қўйди. Рамиль уни кўздан кечириш учун яқинлашар экан, кутилмаганда орқа томонидан тош билан бошига зарба берилди. Жиноятчиларнинг икки нафари Медет билан олиша кетишди. Бошидан зарба олган Рамиль эса мувозанатни бир лаҳза йўқотди. Бундан унумли фойдаланган бир жиноятчи унга ташланиб, ерга йиқитди. У муқаддам судланган бўлиб (тергов давомида аниқланди), муштлашишнинг ҳам яхшигина ҳадисини олган эканми, олишув узоқ давом этди. У ходимнинг дуч келган жойига тош билан ураверди. Рамиль қуролини олиб уни огоҳлантирди ва осмонга қарата ўқ узди. Жиноятчи эса бунга парво ҳам қилмай, унинг қурол тутган қўлига ёпишди. Ходим уни итариб юбориб ўрнидан сакраб турди-да, ерга қарата яна бир ўқ узди. Натижа бўлмагач, жиноятчининг оёғидан яралади ва қўлига кишан солди.

Медет ҳам икки нафар йигит билан бир ўзи олишар экан, ўқ овозларини эшитиб қўрқиб кетди. Унинг қўрқувига сабаб ўз жони эмас, жондек азиз дўстидан хавотири эди. Чунки ўқни ким кимга отаётганини билмас, хаёли дўстида-ю, жиноятчилар билан олишарди. Охири у ҳам қуролини чиқариб осмонга ва ерга огоҳлантирувчи ўқ отди. Аммо гиёҳфурушлар бу огоҳлантиришга парво қилишмади. Тап тортмай бостириб келаётган жиноятчилардан бири оёғидан ўқ егач, додлаганча ерга ўтириб қолди. Медет эса иккинчи рақибининг бир зумда қўлини қайириб кишанлади. Уларни зарарсизлантирганига ишонч ҳосил қилгач, дўсти томон ошиқди. Хайриятки, Рамиль ҳам ўз рақибининг қўлига кишан таққан ва дўстига ёрдамга ошиқаётган эди.

Воқеа жойига тезкор гуруҳ, тиббиёт ходимлари етиб келишди. Барча жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Тергов-суриштирув ишлари бошлаб юборилди.

Сафдор Медет Ускембаев ички ишлар органларидаги дастлабки фаолиятини 2008 йилда Тошкент вилояти ИИБ Қўриқлаш хизматида инспекторликдан бошлаган. Кейинчалик бўлинма командири лавозимида ҳам хизмат қилган. ППХ отрядида хизмат қилаётганига икки йил бўлди. Сафдор Рамиль Пайзбеков ҳам дастлабки фаолиятини қўриқлаш хизматида бошлаб, кейинчалик ППХ отрядига ўтган.

Ҳар икки қаҳрамонимиз ҳам намунали хизмати, бурчига садоқати туфайли раҳбарият эътиборида. Отряднинг хизмат ҳудудида кўплаб жиноятларнинг олди олинишида, содир этилганларининг фош қилинишида уларнинг муносиб ҳиссаси бор. Соҳа сирларини тажрибали устозлардан ўрганган бу ходимлар бугунги кунда ўзлари ҳам ёш ходимларга устозлик қилишяпти.

Фидойилик, садоқат доимо қадрланган. Жорий йилги Ички ишлар идоралари ходимлари куни арафасида бу икки ходим ҳам муносиб рағбатлантирилди. Улар Президентимиз фармонига биноан, «Жасорат» медали билан тақдирланди.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.