Инновацион технологиялар ёрдамида

  • 09:11
  • 06,11-2019
  • 181
  • Улашинг

Илм-фан, техника, ахборот технологиялари кун сайин ривожланиб бораётган даврда яшаяпмиз. Кеча кимнидир ҳайратлантирган симсиз алоқа воситаси ёки дунёнинг турли бурчагида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан сониялар ичида хабардор бўлиш бугун ёш бола учун ҳам оддий ҳол.

Даврнинг бундай улкан ўзгаришларига ҳамоҳанг тарзда Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси томонидан ҳам соҳа равнақи йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар органларида ахборот-коммуникация технологиялари, алоқа воситалари, махсус ва компьютер техникаларини жорий қилиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ахборотни ҳимоялаш ва рақамли электрон имзони қўллаш бўйича ягона ва технологик сиёсатни олиб бориш мазкур бошқарма фаолиятининг асосий вазифаларидан биридир. Шунингдек, бошқарма ходимлари интерактив давлат хизматларини кўрсатиш ва идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш, ички ишлар органларининг радио ва симли алоқасини ташкиллаштириш, таъминлаш вазифаларини бажаради ҳамда бошқа вазирлик, идоралар билан ҳамкорликни амалга оширади.

– Жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, унинг олдини олиш ички ишлар органлари ходимлари зиммасидаги асосий вазифалардан эканлиги барчага аён, – дейди Ички ишлар вазирлиги Ахборот технология­лари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси бошлиғи, полковник Файзулла Касимов. – Шундан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2019 йилнинг 29 майдаги «Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Жиноят ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими»ни яратиш юзасидан техник топшириқ тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилиб, жорий йилнинг февраль ойида ИИВ томонидан тасдиқланди. Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизимларидаги ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини тўлиқ ўрганиб чиқиш мақсадида мутахассис ходимлардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу ишчи гуруҳ томонидан «жиноят ўчоқлари» ҳамда аҳоли гавжум жойлар, кўнгилочар масканлар, таълим муассасалари ва мактабгача таълим муассасаларига замонавий рақамли IP-видеокамералар ўрнатиш мақсадида 2054 та объект ўрганиб чиқилди. Жами 14968 та видеокузатув мосламаси, жумладан, 1368 та шахс­ни индентификация қилувчи, 859 та автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини аниқловчи, 11307 та стационар ва 1434 та айланувчи видеокузатув мосламалари ўрнатилиши кўзда тутилган. Туман ИИБ навбатчилик қисмларида мониторинг марказини ташкил қилиш борасида ҳар бир ҳудудда лойи­ҳа-тадқиқот ва ахборот технлогиялари ҳолатини ўрганиш ишлари амалга оширилди. Ушбу техник топшириқ бугунги кунда вазирлик раҳбарияти томонидан тасдиқланиб, амалиётга жорий қилиниши учун вилоят ИИББга тегишли кўрсатма жўнатилган.

Вилоят ИИББ профилактика инс­пекторлари ва тезкор ходимлари учун Ахборот дастурий комплекс тизимини жорий қилиш бўйича истиқболли ишлар олиб борилмоқда. Эътироф этиш лозимки, видеокузатув мосламаларининг амалиётга жорий этилиши жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш, шунингдек содир этилганларини фош этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан келиб чиқиб, бу борада ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги «Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мобил видеокамераларни амалиётга жорий қилиш 2020 йилнинг 1 январь кунига қадар узайтирилди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ ходимларига синов тариқасида амалда ишлатиб кўришлари учун 50 дона мобил видеокамера ва бир дона сервер қурилмаси тақдим қилинди. Уларни ишлатиш учун пойтахт ИИББ томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими биносида жой ажратилиб, керакли миқдорда сим-карталар билан таъминланди ҳамда ҳимояланган VPN-каналлар ташкил этилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 17 сентябрь куни шаҳар ИИББ ЙПХ ходимларига 32 дона ва ППХ ходимларига 18 дона мобил видеокамера дастурланиб, синовдан ўтказиш учун тарқатилди. Бугунги кунда жиҳозларни созлаш ва ЙПХ ходимларини мобил видеокамералардан фойдаланиш бўйича ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини бажариш юзасидан ҳам бир қатор ишлар олиб борилди.

Бугунги кунда ИИВ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси ва ЙҲХББ Тезкор маълумотлар бошқармаси билан ҳамкорликда Моддий-техника таъминоти бошқармасидан олинган сервер қурилмалар ҳамда дастурий таъминотлар ИИВ Тезкор маълумотлар бошқармасига ўрнатилиб, ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» тизимига интеграция қилинди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар ёрдамида қайд этилган ҳуқуқ­бузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тўплашнинг марказлаштирилган тизими «dyhxx.ejarima.uz» 2019 йилнинг 1 июлидан ишга туширилди.

Ички ишлар органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, мамлакатимиз ички ишлар органлари томонидан хизматда фойдаланишлари учун 15925 та қўлда олиб юриладиган, 2843 та автомобилларга ўрнатиладиган ва 140 та қўзғалмас ультрақисқа тўлқинли радиостанциялар ҳамда 12 та рет­ронслятор мосламалари тарқатилди. Бундан ташқари, 2167 та қўзғалмас ультра­қисқа тўлқинли радиостанция ва 55 та ретротранслятор мосламалари тарқатиш учун керакли ишлар амалга оширилмоқда.

Шуни айтиш лозимки, асосийси, юрт осойишталигини таъминлаш йўлида соҳага татбиқ қилинаётган янгиликлар мамлакатимиз ички ишлар органлари миқёсида тўлиқ жорий этилишига эришишдир. Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг 3 та ИИБ ҳамда Олтиариқ тумани ИИБда «Вазиятни назорат қилиш маркази»ни ташкил этиш, Андижон шаҳрида «Намунали ҳудуд» концепциясини яратиш, Термиз шаҳрида «Намунали ҳудуд» тажрибасини жорий этиш, Ангрен шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида видео­кузатув тизимини ташкил этиш, Сирдарё ва Бухоро вилоятлари ички ишлар органларида «Хавфсиз шаҳар» аппарат дастурий комплексини жорий қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганини бунга мисол тариқасида келтириш мумкин.

ИИВ навбатчилик қисмини такомиллаштириб, қайта ташкил этиш ишларида бошқарма ва унинг тасарруфидаги «Алоқа устахонаси» ДУК ходимлари томонидан ахборот-коммуникация технологиялари доирасида олиб борилган ишлар кўлами кенглигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, Корпоратив тармоққа уланиш мақсадида 3 та тармоқ қурилмаси (Netgear) ўрнатилди. «Вазиятни назорат қилиш маркази»га 42 та монитор ўрнатилиб, биринчи босқичда Тошкент шаҳрининг 120 та чорраҳасидаги ҳамда Қўқон шаҳрида ўрнатилган 200 дан ортиқ видеокузатув камералари уланиши имконияти яратилди. Фарғона вилоятида ўтказилган «Халқаро ҳунармандчилик фес­тивали» даврида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўрнатилган интеллектуал видео­кузатув камералари орқали Қўқон шаҳрида ўтказилган ушбу фестивални реал вақт тизимида кузатиш имконияти пайдо бўлди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 120 та чорраҳада ўрнатилган видео­кузатув камераларини онлайн тизимида назорат қилиш имконияти яратилди. IP-телефон тармоқлари ташкил этилиб, ходимларнинг фаолияти учун зарур алоқа воситалари ўрнатилди.

Тинчлик-осойишталик халқимиз учун энг бебаҳо неъмат. Шундай экан, юртимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек шарафли ҳамда масъулиятли вазифанинг бекаму кўст бажарилишида ушбу соҳа вакилларининг ҳиссаси салмоқли эканини эътироф этишимиз лозим.

 

Шерзод АБДУСАМАДОВ.

Абу КЕНЖАЕВ олган сурат.