Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш – барчага тааллуқли масала

  • 10:11
  • 04,11-2019
  • 211
  • Улашинг

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирда дастлаб ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Ҳисобот даврида республика бўйича 4 миллион 607 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган, 25 минг 120 та ҳолатда автоуловни маст ҳолда бошқарганлик, 19 минг 436 та ҳолатда транспорт воситасини бошқариб кетаётиб уяли телефондан фойдаланганлик, салкам 780 мингта ҳолатда хавфсизлик камарини тақмасдан автомашинани бошқарганлик учун маъмурий баённомалар тузилган. Йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилмаган 252 минг нафардан ортиқ қоидабузар пиёдалар ҳам жаримага тортилган.

Оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлувчи қўпол қоидабузарликлардан бири автоуловни маст ҳолатда бошқариш бўлиб, унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд ва Бош прокуратуранинг «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, ҳозирда ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлигини текшириш ЙПХ ходими томонидан автоулов тўхтатилган жойнинг ўзида алкотес­тер мосламаси – ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва натижасини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита ёрдамида амалга оширилмоқда.

Аҳоли ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилмасликнинг оқибатларини тушунтириш, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг мавжуд қоидаларга амал қилиш маданиятини кучайтириш мақсадида мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Ҳафтанинг ҳар жума куни ўтказиб келинаётган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни» профилактик тадбири ҳамда ҳар ойнинг учинчи жума куни ташкил этилаётган «Автомобилсиз кун» акцияси ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,5 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар сони
13,1 фоизга, жароҳатланганлар сони эса 17,8 фоизга камайишига эришилди.

Матбуот анжуманида ОАВ вакилларининг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар эшитилиб, улар атроф­лича ўрганилиши ҳамда қонун талаблари асосида амалиётга жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилиши маълум қилинди.

 

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ,

«Postda» мухбири.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.