Киши виждон амрига қулоқ тутса...

  • 09:10
  • 11,10-2019
  • 185
  • Улашинг

Шу йилнинг 2 октябрь куни соат 10:30 ларда Когон шаҳрида яшовчи 39 ёшли Б.М. «Қишлоққурилишбанк»нинг Когон шаҳар филиали олдида жойлашган банкоматдан пул нақдлаштираётганда, уяли телефонига қўнғироқ бўлади. Телефон орқали суҳбатга берилган мижоз банкоматдан чиқиб турган 2 миллион сўм пулни олишни унутиб, кетиб қолади. Қайтиб келганда эса, кеч бўлган эди...

Фуқаро Б.М.нинг шаҳар ИИБга қилган мурожаати асосида зудлик билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни Когон шаҳар Зебинисо кўчасида яшовчи Д.Ҳ. содир қилганлиги аниқланди. У банкоматга яқин жойда Б.М.нинг хатти-ҳаракатларини кузатиб турган. Пулларни унутиб қолдирганлигидан фойдаланиб, банкоматда турган икки миллион сўмни олиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бундай вазиятларда виждон амри ва қонунга итоат этувчи шахс пулни ўз эгасига қайтариши керак.

Агарда пулнинг эгаси аллақачон кетиб қолган ва унинг кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмаса, ушбу банкомат қарашли банк муассасасига мурожаат қилиши лозим. Банкнинг масъул ходимлари, биринчи навбатда, пластик картанинг эгасини махсус дастур ёки банкоматдаги видеокамера ёзувлари орқали (ИИБ билан ҳамкорликда) аниқлаши мумкин.

Кўчада, жамоат жойларида моддий қимматликлар ёки бошқа мол-мулк унутиб қолдирилган бўлса, яқин орадаги ички ишлар бўлимига топшириш мақсадга мувофиқ. Бироқ юқорида келтирилган ҳолатда «қаҳрамон»имиз бундай йўл тутмади. Нафс измига кириб қилган иши учун энди қонун олдида жавоб беради. Қонунни билмаслик эса жавобгарликдан озод этмайди.

Масаланинг иккинчи томони, сўнгги вақтларда замонавий телефонлар сабаб кўпчилик фуқаролар ундаги иловалар, турли ўйинлар, мессенжерларга овора бўлиб, йўлларда, кўчаларда бош кўтармасдан ҳаракатланиб бораётганликларини кўриш мумкин. Бу, биринчидан, бошқа йўл ҳаракати қатнашчилари учун хавф туғдиради. Иккинчидан, телефонга «берилган» шахснинг бошқа нарсаларга эътибори сусаяди. Бу эса юқоридаги каби турли нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Қувват ЯРАШОВ,

майор.                               

Бухоро вилояти.