Етакчилар фаолияти  янада такомиллашади

  • 09:10
  • 09,10-2019
  • 94
  • Улашинг

Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан «Ички ишлар органларининг ёш ходимларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларни қўллаб-қувватлашдаги устувор йўналиш­лар» мавзуида тизимдаги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари етакчиларининг I форуми ўтказилди. Тадбир аввалида иштирокчилар вазирликнинг Ички ишлар органлари тарихи музейи ва кутубхона фао­лияти билан танишди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгашида ўтказилган асосий тадбирни Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Хатамов очиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида фикр билдирди. Тизимдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, жиноятларнинг олдини олиш, содир этилганларини тезда фош этиш, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиб, муаммоларини ҳал этишда ижобий натижаларга эришилаётганини алоҳида қайд этди.

Вазир ўринбосари тантанали равишда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши музейига ИИВ байроғини топширди. Марказий кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Акмал Жумабоев ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёшларнинг эришаётган ютуқлари, ташаббускорлиги ҳақида гапириб, ҳамкорликдаги ишлар кўлами янада кенгаяётганини таъкидлади. Тадбирда, шунингдек, ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи етакчилар кенгаши раиси, катта лейтенант Улуғбек Омонов ва бошқа иштирокчиларнинг маърузалари тингланди.

Форумда ИИВ бошланғич ташкилотлари етакчилари фао­лиятининг устувор йўналишлари, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Ёш ходимларда лидерлик хусусиятини шакллантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.