Моҳир пазандалар табиат бағрида

  • 09:10
  • 09,10-2019
  • 306
  • Улашинг

Тошкент шаҳар ички ишлар органлари сафида хизмат фаолиятини олиб бораётган аёллар ўртасида пазандалик бўйича кўрик-танлов ноанъанавий тарзда табиат қўйнида ўтказилди. Ушбу тадбирнинг ўтказилиши учун Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани танланди. Чунки тадбир пахта ҳосилини нест-нобудсиз йиғиштириб олишга ўз ҳиссасини қўшаётган юртдошларимизни маънан қўллаб-қувватлаш ва уларга хуш кайфият улашиш мақсадида ташкил этилди.

Кўрик-танлов Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида бўлиб ўтди.

Пазандалар баҳсида бош бошқарманинг ҳудудий тизими ходимларидан ташкил топ­ган 12 та гуруҳ ошпазлик маҳоратини намойиш этди. Иштирокчилар зиммасига дала шароитида байрам дастурхонини тузаш ва 5 кг. гуручдан ош дамлаш вазифаси юклатилди. Ашула ва рақс ансамбли, Тошкент шаҳар ИИББнинг санъатга ҳавасманд ходимлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса барчага хуш кайфият бағишлади.

Тадбир сўнгида бажарилган ишлар ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, муносиб баҳо берилди. Шунингдек, «Энг чаққон қизлар», «Энг аҳил қизлар», «Энг моҳир ошпаз қизлар», «Миллий қадриятларни акс эттирган жамоа», «Ғалабага интилувчан жамоа» сингари номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иморат қураётган, ҳосил йиғиштираётган ёки бошқалар фойдали юмуш билан банд кишини йўқлаш, унга далда беришда «Ҳорманг» сўзини ишлатамиз. Шу маънода айтиш мумкинки, моҳир ошпазларимиз томонидан тайёрланган миллий шоҳона таомнинг ҳашарчилар ва маҳаллий аҳолини бир дастурхон атрофида жамлагани мана шу асрий қадриятларимиз давомийлигининг ёрқин кўринишидир.

Ирода ОРИФХЎЖАЕВА,

Тошкент шаҳар ИИББ Хотин-қизлар кенгаши раиси,

подполковник.