Учта кўприк қурилди

  • 09:10
  • 09,10-2019
  • 90
  • Улашинг

Жиззах вилояти ИИБ кўмагида Ғаллаорол туманининг «Қипчоқсув» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Солин, Толлисой ва Кичиксув қишлоқларида 3 та кўприк барпо этилди. Сел ювиб кетган кўп­рикларни тиклаш масаласи вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров туманда ўтказган сайёр қабулда кўтарилган эди.

Барпо этилган кўприк­ларнинг энг йириги Солин қишлоғида бўлиб, узунлиги 12, эни 6 метрни ташкил қилади. Янги кўприк Ғалла­орол туманини Самарқанд вилоятининг бир нечта туманлари билан боғлаб туради.

– Қишлоғимизда қурилган кўприк барча техник талабларга мос, – дейди фахрий қурувчи Муҳаммадқул Маҳкамов. – Кўприк сув ўтказгичининг бўйи ҳам, эни ҳам 3,5 метрни ташкил қилади. Устки қисми бетон, қум ва асфальтдан иборат. 100 тонна юкни кўтаришга мослаштирилган. Кўп­рик қуриш – улкан савоб, шу маънода, элимиз ички ишлар органлари ходимларидан бениҳоя миннатдор.

Айтиш жоизки, учинчи сектор ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги Лалмикор қишлоғида 800 метр, Жийдалида 700 метр, Маржонбулоқ ва Коризқудуқ қишлоқларида 600 метрдан йўлга шағал ётқизилиб, таъмирдан чиқарилди.

12 нафар ногирон ва кам таъминланганларга даволаниш учун йўлланмалар ажратилиш чоралари кўрилди. Уч кишига ногиронлар аравачаси берилиб, 8 та оилага уй таъмирида кўмаклашилди. Сектор ишчи гуруҳи 133 нафар фуқаронинг ишга жойлашишига ҳам ёрдам кўрсатди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda» мухбири.

Жиззах вилояти.