Касбини севган кам бўлмас

  • 09:10
  • 09,10-2019
  • 95
  • Улашинг

Бухоро тумани ИИБ ҲПБ 90-сонли ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспектори, майор Шукур Ҳусенов хизмат олиб борадиган «Мустақиллик» ҳамда «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғинларида 6700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида мазкур маҳаллаларда сўнгги икки йил давомида биронта ҳам жиноят содир этилмади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари эса кескин камайди.

Майор Шукур Ҳусенов маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари Раъно Ўринова ва Мухлиса Ҳотамова билан бирга тез-тез хонадонларда бўлиб, профилактик суҳбатлар ўтказади, одамларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга ҳаракат қилади. ¨шларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, уларнинг ўқув машғулотларида доимий иштирокини таъминлаш масалалари ҳам ижобий ҳал этилмоқда. Профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларнинг йўқлиги ҳамкорликдаги фаолиятга берилган муносиб баҳо дейиш мумкин.

Ҳар қандай муаммони ҳал этишда, айниқса, оила-турмуш доирасидаги қўйди-чиқдиларга ижобий ечим топишда ҳаётий тажриба зарур. Шукур Ҳусенов шогирдларига ҳам маслаҳатини аямай, йўл-йўриқлар кўрсатиб келмоқда. Майорлар Искандар Фармонов, Шоназар Қурбонов, катта лейтенант Маҳмуд Холов ва лейтенант Салоҳиддин Баҳодуров каби ходимлар ундан ўрганганлари туфайли ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонишган.

– Шукур акадан нафақат соҳа сир-асрорларини, балки инсонлар кўнглига йўл топишни ўрганганим фаолиятимда бош омил бўляпти, – дейди катта лейтенант Маҳмуд Холов. – У доимо танлаган касбимда майда-чуйда нарсалар бўлмаслигини, ҳар бир ҳолатга: хоҳ оила-турмуш доирасидаги масала бўлсин, хоҳ майда ҳуқуқбузарлик ҳолати бўлсин, диққат билан эътибор қаратиш лозимлигини уқтиради. Устозимнинг бундай ўгитлари хизматда самарадорликка эришимизда асқатяпти.

… Работак қишлоғида яшовчи Илёс (исмлари ўзгартилди) аёли билан кунора жанжаллашиб, охир-оқибат ажралиш учун судга ариза беришди. Суд эр-хотинга ўйлаб кўришлари учун олти ой муҳлат берди. Маҳмуджон маҳалла раиси билан бир неча маротаба ҳам йигитнинг, ҳам келиннинг уйи­га бориб, масалани ётиғи билан тушунтирди. Аммо бундан натижа чиқмади.

Кунларнинг бирида Шукур Ҳусенов шогирдининг ишлари билан қизиқиб, муаммоларини сўраб қолди. Шунда Маҳмуджон ана шу оиланинг муаммосини айтиб, суд белгилаган муддат яқинлашаётганини билдирди. Шукур ака шогирди билан аввал Илёснинг олдига борди. Суҳбат жараёнида Илёс ҳали турмуш ўртоғидан кўнглини узмаганини, хотини хоҳласа, бирга яшашга рози эканлигини айтди.

Шукур акага шу керак эди. Дарров келин томон билан учрашиб, ёшлар хатоларини тушуниб, тегиш­ли хулоса чиқарганини, улар бахтли яшаб кетиши учун куёвга кафил бўлишини билдирди. Кўп ўтмай, ажралиш остонасига келиб қолган ёш оила ярашди.

Майор Шукур Ҳусенов хизмат ҳудудидаги ишларидан ортиб, қўшни маҳаллаларда хизмат кўрсатаётган профилактика инспекторларининг фаолияти билан ҳам танишиб боради. Унинг кўп йиллик тажрибаси, юксак касбий маҳорати туман ҳудудида осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қўл келмоқда. Шу боис хизмат фаолияти давомида бир неча маротаба рағбатлантирилди. Жумладан, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан ИИВнинг III даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шукур ака оилавий ҳаётда ҳам ўз бахтини топган. Умидахон умр йўлдошига муносиб кўмакдош. Улар уч қиз ва бир ўғилни тарбиялаб вояга етказишмоқда. Тўнғич фарзанди Нодирабегим бу йил Бухоро давлат университетига ўқишга кирди. Қолганлари ҳали ўқувчи.

Ўз мақсадига интилган, касбини севган инсонгина ҳаётда бахтини топади. Майор Шукур Ҳусенов ҳақли равишда эл-юрт тинчлиги, осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганидан фахрланади.

Мирзоқул АҲАДОВ,

«Postda» мухбири.

Бухоро вилояти.

Суратда: майор Шукур Ҳусенов

хизмат пайтида.

Муаллиф олган суратлар.