Матонатли ҳаёт йўли

  • 09:10
  • 09,10-2019
  • 1756
  • Улашинг

Ҳали Иккинчи жаҳон уруши асоратлари битмаган бир даврда, 1949 йил 10 октябрь куни Тошкент шаҳрининг ёнгинасида жойлашган Дўрмон қишлоғидаги оддий деҳқон оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга Зокиржон деб исм қўйишди.

Унинг отаси Алмат ака ҳам, онаси Мастура опа ҳам жамоа хўжалигида меҳнат қилиб бола-чақа боқар эди.
1957 йил апрелда Зокиржоннинг отаси Алмат ака Эрматов тўсатдан вафот этади. Болаларни катта қилиш ва тарбиялаш Мас­тура опанинг ўзига қолди. Жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлайдиган онаизор болаларини қийинчилик билан боқар эди. Шу боис қишлоқ кенгашининг ёрдами билан Мастура ая қизи Холида ва ўғли Зокиржонни шу тумандаги мактаб-интернатга берди. Зокиржон дарсларни пухта ўзлаштириб, аъло баҳоларга ўқиди ва саккизинчи синфни тамомлагандан ке­йин яна ўз мактабига қайтиб, уни муваффақиятли битирди. Олий ўқув юртига киришда омади келмагандан сўнг армия сафига чақирилиб, Олмаота шаҳридаги собиқ иттифоқ Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда хизмат қилди. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтгандан сўнг Тошкент шаҳар қурилиш бошқармасида бетон қуювчи бўлиб ишлади.

Зокиржон билим ва салоҳиятига ишонса-да, билимларини янада мус­таҳкамлаш учун қўшимча ўқув қўлланмаларини топиб ўқишга жиддий киришди. Ҳафтасига олти кун оғир жисмоний меҳнат қилиб, ишдан қўли бўш пайтлари китоб ўқиш муайян қийинчиликлар туғдириши табиий ҳол эди. Лекин бу унинг шижоати ва азму қарорига монелик қила олмади. Кунни тунга улаб чеккан заҳматлари бесамар кетмади. 1971 йили Тошкент давлат университети юридик факультетининг кечки бўлими талабаси бўлишга эришди.

Зокиржон ака олий ўқув юртида олаётган билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш зарурлигини тушуна бошлади. Шу сабабли қурилиш ташкилотида узоқ қолиб кетмади. Аммо бу ерда кечган иш фаолияти унга маълум даражада ҳаёт мактаби вазифасини ўтади. Турли миллат вакиллари меҳнат қиладиган жамоада турфа феъл-атвордаги одамлар билан бирга ишлаш унинг инсоний фазилатлари ўсиб боришига замин яратди. Жамиятга, жамоага очиқ ва самимий муносабатда бўлишни, ҳалоллик ва ростгўйликни ўзи учун мезон қилиб олди. Болалигидан ўзи орзу қилган касбга эришиш учун тинимсиз ўқиди ва изланди. Ўткир билим соҳиби Зокиржон Алматовнинг Тошкент давлат университети юридик факультетида аъло баҳолар билан ўқигани келгусида юқори мансаб ва мартабаларга эришишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.

Зокиржон ака ўзи орзу қилган соҳа – ички ишлар органлари тизимида хизматни Тошкент вилояти ИИБ паспорт бўлимининг инспектор лавозимида бошлади. Кейинчалик Тошкент тумани ИИБда раҳбарлик лавозимида, ундан кейин Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси бошлиғи, Тошкент вилоя­ти Ички ишлар бошқармаси бош­лиғи ва 1991 йилдан 2005 йилгача Ўзбекис­тон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида ишлаб, машаққатли ва шонли йўлни босиб ўтди.

 Ўзбекистон истиқлолга эришган дастлабки йилларда халқимиз жиноятчиликнинг кўпайиб бораётганлиги, жамиятга қарши кучларнинг вазиятни кескинлаштиришга уринишидан, миллий адоватни кучайтириб,
оммавий тартибсизликларни келтириб чиқараётганлигидан ташвишга тушиб қолган эди. Ана шундай таҳликали дамларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатган устозимиз Зокиржон Алматов уюшган жиноятчиликни бартараф қилишга, мустақилликни турли ички ва ташқи ёвуз кучлардан асраб-­авайлашга муносиб ҳисса қўшди.

Мустақилликнинг дастлабки ойларидаёқ, аниқроғи, 1991 йил
25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги собиқ иттифоқ тасарруфидан чиқарилганидан сўнг унинг ҳуқуқий асосларини яратиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизим шахсий таркибининг жанговар ва хизмат тайёргарлигини ошириш биринчи галдаги вазифа эди.

З. Алматов раҳбарлик фаолиятининг дастлабки йилидаёқ ана шу улкан вазифаларни амалга оширишга киришди. Бебаҳо бойлик бўлган истиқлолимизни авайлаб-асраш, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш ўша даврда янги таркиб топган суверен давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эди. Ана шундай таҳликали давр­да Зокиржон Алматов давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарлари билан биргаликда ҳар хил бузғунчи кучлар, диний ва дунёвий ниқобдаги радикал оқимларга қарши кескин кураш олиб борди ва бу борада республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлади.

Бугунги кунда устозимиз Зокиржон Алматовни нафақат соҳа ходимлари, балки бутун ўзбек халқи яхши билади, танийди, ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Инсонийлик, камтарлик, шижоат ва жонкуярлик унга хос хислатлардир.

Президентимизнинг 2018 йил февралдаги қарори билан Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозими таъсис этилди ва кўп йиллик ҳаётий таж­рибалари, эл-юртимизга фидокорона хизматлари инобатга олиниб, бу лавозимга генерал-полковник
Зокиржон Алматов тайинланди.

У бу лавозимда мамлакатимиз осо­йишталигини таъминлаш, ёш ходимларни она Ватанимизга муҳаббат, ўз хизмат бурчига садоқат руҳида тарбия­лаш ишларига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга, бугунги кунда ўзининг бой тажрибаси билан вазирлик тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирок этиб келмоқда. Тажрибали, камтарин, шижоатли ва жонкуяр бу инсоннинг ички ишлар органлари тизимидаги шонли ҳаёт йўли барчамиз учун ибратдир.

Қадрли устозимиз генерал-полковник Зокиржон Алматовни кўп минг сонли шогирдлари номидан 70 ёши билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оиласига хотиржамлик, Ватанимиз равнақи ва тинчлиги йўлида олиб бораётган ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Абдуғофур САТТОРОВ,

истеъфодаги полковник.

Садриддин ШАМСИДДИНОВ,

«Postda» мухбири.