Фуқаролар билан самимий мулоқотлар

  • 10:10
  • 08,10-2019
  • 129
  • Улашинг

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар айниқса, жойларда ўтказилаётган сайёр қабул жараёнларида ўз аксини топмоқда.

 Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари, генерал-майор Д. Назармухамедов аҳолининг барча қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш ва жойида бартараф этиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида Боғот туманидаги Найман қишлоғида сайёр қабул ўтказди. Очиқ ва самимий мулоқотда ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътибор билан тингланиб, ечимини топиш чоралари кўрилди.

 Сайёр қабулга ташриф буюрган фуқаролар аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда электр энергияси билан таъминлаш, ички хўжалик йўллари ва кўприкларни таъмирлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер майдонлари ажратиш, тиббий хизматдан фойдаланишда имтиёзларга эга бўлиш каби кўпгина масалалар бўйича мурожаат қилишди. Сайёр қабулда 150 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этди. Учрашувда фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

 Шу куни бошқарма бошлиғи, генерал-майор Д. Назармухамедов тумандаги Маданият маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногирони Улуғбек Саидов ҳолидан хабар олиш мақсадида унинг хонадонига ташриф буюрди. Беморга ногиронлик аравачаси топширилди ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан зарур топшириқлар берилди. Ушбу оиланинг моддий таъминотини яхшилаш мақсадида беморнинг қизини ўз мутахассислиги бўйича доимий иш билан таъминлаш чораси кўрилди.

Шундан сўнг 3-сектор раҳбари, генерал-майор Д. Назармухамедов туман ҳокими ҳамроҳлигида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ҳамда у ерда яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида пахта даласига ташриф буюрди. Учрашувда фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш билан бирга йиғим-терим мавсумида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ теримчиларга совғалар топширилди.

      

                    Худойберган ЖАББОРОВ,

                      “Postda” мухбири.

                  Зокир ИСМОИЛОВ олган суратлар.