Юксак эҳтиром намунаси

  • 10:10
  • 08,10-2019
  • 162
  • Улашинг

Халқимиз азал-азалдан устозларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб келган. Машаққатли касб соҳиблари тимсолида, аввало, униб-ўсиб келаётган ёшларимизнинг порлоқ келажагини, она Ватанимизнинг эртанги кунини кўрамиз. Шу боис устозу мураббийларнинг нурли ҳаёт йўли, заҳматларга тўла касб фаолияти ҳамиша қадр топган ва шундай бўлиб келмоқда. Ички ишлар вазирлиги Академиясида ўтказилган байрам тантанаси ҳам соҳа вакилларининг фидокорона меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.

Таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, фахрийлар иштирок этган тадбирни очиб берган ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.

– Миллат келажаги ёшларга берилаётган таълим-тарбия билан ўлчанади, – деди генерал-лейтенант Б. Матлюбов. – Фарзанд, аввало, оилада тарбия топса, устоз-муаллимларининг саъй-ҳаракати билан билимли, касб-ҳунарли бўлиб вояга етади. Шунинг учун устоз деганда, улуғ сиймо, мўътабар инсон кўз ўнгимизда гавдаланади. Президентимиз раҳнамолигида ўқитувчи ва мураббийларимиз меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Соҳа фидойиларига йўллаган байрам табригида давлатимиз раҳбари «Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз «Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак» деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз», дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу ҳам соҳа вакилларининг меҳнатлари жамиятимизда юксак даражада қадр топаётганидан далолат беради. 

 Байрам тадбирида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш, соҳага хорижнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш, ўқув жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар фидойи устозларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ўзининг ижобий самараларини кўрсатаётгани айтиб ўтилди.

– Йигирма беш йилдан буён ёшларга сабоқ бериб келаман, – дейди давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси бошлиғи, полковник Ниғмонжон Азизов. – Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз таълим тизимида туб янгиланишлар амалга оширилди. Айниқса ўқитувчи-мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ҳар йили байрам арафасида юзлаб ҳамкасбларимиз давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланишмоқда. Улар орасида таълим муассасамизда меҳнат қилаётган забардаст устозларимиз, профессор-ўқитувчиларимизнинг борлиги кўнглимизни фахр ва ифтихорга тўлдиради. Албатта, бундай эзгу ишлар ҳар биримиздан янада шижоат ва фидойиликни, келажак авлод тарбиясига масъулият билан ёндашишни, Президентимиз таъбири билан айтганда, чинакам ватанпарвар инсон бўлишни талаб қилади.

Тадбирда ички ишлар органлари учун етук малакали кадрларни тайёрлаш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, ёшларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жисмоний, маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги улкан хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Тадбир бадиий ҳаваскорлик жамоасининг дилбар куй-қўшиқлари билан тўкин дастурхон атрофида давом этди.

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.