Меҳр ришталари чирт-чирт узилса...

  • 15:10
  • 07,10-2019
  • 161
  • Улашинг

Кейинги пайтларда эр-хотин ўртасида юз берган жанжал туфайли тан жароҳати етказиш ҳолатлари қайд этилиб тургани кишини ташвишга солади. Тўғри, жанжал бўлмайдиган оила камдан-кам топилса керак. «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» деб бежиз айтишмайди. Лекин бир-бирига тиғ санчишга бориши учун орадаги меҳр-муҳаббат ришталари узилган бўлиши керак. Қуйидаги маълумотларни ўқиб, беихтиёр шундай ўйга борасиз.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани Марказий Сурхон маҳалласида яшовчи Б. Ю.нинг турмуш ўртоғи Н. Х. Музработ туманининг Меҳригиёҳ маҳалласида жойлашган ўрта мактабда котиба бўлиб ишларди. Шу йилнинг 5 октябрь соат 08.30 ларда иккиси мактаб биносида жанжаллашиб қолади. Б. Ю. жаҳл устида умр йўлдошининг қорнига пичоқ санчиб юборади. Уларни ажратмоқчи бўлган мактаб директори А. М. нинг эса кўкрак ва бел қисмига пичоқ уриб жароҳат етказади. Натижада жабрланганлар шифохонага ётқизилган.

Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани Чўзма маҳалласида яшовчи эр-хотин ўртасида ҳам кечки пайт жанжал чиқади. Бу сафар Ф. Қ. жаҳлини жиловлай олмай, эри А. Т. нинг қорнига қайчи тиқади. Натижада А.Т. касалхонага ётқизилади. Ҳар икки ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилган.

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири.