Фарзандингиздан меҳрни дариғ тутманг!

  • 10:10
  • 07,10-2019
  • 162
  • Улашинг

Бола тарбияси, унинг қанчалик муҳимлиги ҳақида донишмандларимиз кўп яхши фикрларни айтиб ўтган. Ўз даврида «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» дея бонг урган Абдулла Авлоний тарбиянинг инсон ҳаёти, жамият тараққиётида тутган ўрни ғоят муҳимлигига жамоатчилик эътиборини қаратгани бунинг тасдиғидир. Афсуски, ҳамма ота-оналар ҳам бу ҳақиқатни вақтида англаб етавермайди. Кимдир турмуш ташвишлари билан овора бўлиб фарзанд тарбиясига эъти­бор қаратмайди, яна кимдир жигарпораси учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўяди-ю, энг зарури – меҳрни ундан дариғ тутади.

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасида айнан ота-онаси назоратидан четда қолган ана шундай ёшлар ўқитилади. Бу ерда қизларнинг яхши тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Меҳрибон ва малакали мутахассислар уларга таълим бериб келишяпти. Лекин аён ҳақиқат шуки, ҳеч ким ота-она ўрнини босолмайди. Кўнглининг бир четида яқинларини қўмсаш, уларнинг дийдорига етишишдек истак бўй кўрсатиб тураверади. Буни мазкур мактаб-интернатда тарбияланаётган қизлар билан суҳбатлашиш жараёнида ҳам англаш мумкин.

 

Г. А., 14 ёш:

– Бу ерда таълим олаётганимга икки йилдан ошди. Устозларимиздан кўп нарсаларни ўрганяпмиз. Бу масканга келмасимдан олдин оилавий шароит туфайли кўп дарс қолдирардим. Ҳозир барча фанлардан яхши ўқияпман. Адабиётга қизиқиб қолдим. Шеърлар ёзиб тураман. Яхши ўқиб, келажакда журналист бўлмоқчиман.

С. Т., 14 ёш:

– Ота-онамни кўп соғинаман. Уларни ранжитган бўлсам, кечирим сўрайман. Устозларим менга ота-онангни ҳурмат қил, Ватанга нафи тегадиган яхши фарзанд бўл, деб кўп уқтиришади. Таълим масканини яхши баҳоларга битириб, институтга кирмоқчиман. Ўқитувчи бўлишни хоҳлайман.

С. А., 15 ёш:

– Мактаб-интернатга Бухородан олиб келишган. Бир йилдан ошди. Ота-онам баъзида келиб туришади, гоҳида улар билан телефонда гаплашиб тураман. Инглиз тилини ўрганяпман. Келажакда ҳарбий бўлиб ишлашни хоҳлайман. Энг катта орзуим – ота-онам билан бир оила бўлиб яшаш, ҳар куни уларнинг дийдорига тўйиш. Майли, мени уришишсин, кўп иш буюришсин. Фақат улар билан бирга яшасам бўлди.

К. В., 13 ёш:

– Ота-онам Сурхондарёда яшашади. Узоқлиги боис кўп ҳам келаверишмайди. Уларни тушунаман. Қўнғироқ қилиб туришса, овозларини эшитиб турсам бўлди. Мактабда ҳамма нарса етарли. Устозларимиз меҳрибон, уларнинг йўқлигини билдиришмайди. Расм чизишга қизиқаман. Келажакда устозларимга ўхшаб ўқитувчи бўлмоқчиман.

Орзу-истаклари, интилишлари, таълим муассасасидаги шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапираётган қизлар кулиб турса-да, мунгли кўзлари уларнинг дилидагини ошкор қилиб тураверади.

– Айрим ота-оналар бор: моддий томондан ҳамма нарсаси етарли, топиш-тутиши яхши, лекин фарзандини келиб кўриш у ёқда турсин, ақалли қўнғироқ қилиб йўқлаб ҳам қўйишмайди. Ваҳоланки, ўқувчиларимиз орасида шундай иқтидорли, билимлилари борки, наҳотки, шундай қизлар назоратсиз қолган, нотўғри йўлга кириб кетган деб ҳайрон қоласиз. Аслида, уларнинг тарбиясидаги кемтикликка биринчи сабабчи ота-оналаридир. Айрим қизларимиз бу ерга келмасидан олдин ҳаётни фақат ёмон томондан кўрган, уларга ҳеч қачон яхши гап гапирилмаган, меҳрга зор бўлган, – дейди интернат ўқитувчиси Дилфуза Мираҳмедова.

Яқинда мактаб-интернатда катта шодиёна бўлди. Қизлар меҳрни, давлатимиз ғамхўрлигини яна бир бор юракдан ҳис қилишди. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Р. Хатамов бошчилигидаги вазирлик раҳбарияти, туман ҳокимлиги вакиллари мактабга ташриф буюриб, соҳа ходимларини байрам билан қутлашди. Фарзанд тарбиясида, унинг комил инсон бўлиб вояга етишида устозларнинг хизмати беқиёс эканлигини эътироф этишди. Вазирлик томонидан дастурхон безатилиб, мактабда тарбияланаётган қизлар ва уларнинг устозларига совғалар улашилди. Мактаб учун компьютер жамланмалари, тикув машина ва китоблар тортиқ этилди. ИИВ Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса тадбирга янада кўтаринкилик бағишлаб, байрамга файз киритди. Бунга жавобан мактаб тарбияланувчилари ўз дилбар рақслари, ажойиб шеърлари билан барчани хушнуд этди.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.