Яшариб, янгиланаётган Арнасой

  • 11:09
  • 21,09-2019
  • 255
  • Улашинг

Баҳор уйғотган бунёдкорлик

Бу йил Арнасойга баҳор бошқача келди. Табиатнинг уйғониши, кўнгилларни илитган қуёш тафти, дала-қирларни қоплаётган яшиллик билан бирга, туман марказида бошланган қурилишу таъмирлаш ишлари кўчалар, турар жойлар, ташкилоту корхоналарни, таъбир жоиз бўлса, одамларнинг ўй-қарашларини кўклам янглиғ ўзгартира бошлади. Юзлаб қурувчилар, ўнлаб техникалар ёрдамида амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрган арнасойликлар юртимизга замонавийлик ва кўрк бағишлаётган «Илғор ҳудуд» синов лойиҳасининг қудратли тўлқини улар яшаётган манзилга ҳам етиб келганлигини ҳис этишди. Кўп қаватли уйлар теварагидаги пастқам бостирмалар, ноқонуний қурилган иншоотлар бузилиб, кўп йиллардан буён тўпланиб қолган чиқиндилар ташиб кетилди.

Турар жойлар, корхона ва ташкилотлар бинолари, инфратузилма объектларини замонавий шаҳарсозлик ва меъморчилик талабларига мос тарзда қайта қуриш ва таъмирлаш, марказий кўчаларни кенгайтириш, муҳандислик коммуникацияларини янгилаш чоралари кўрилди. Чунончи, туман марказидаги Ғолиблар шаҳарчаси, Бобур, Ғафур Ғулом номли ҳамда Олтин водий маҳаллаларидаги 41 та кўп қаватли уйнинг томи, эшик ва деразалари, ичимлик суви, табиий газ ва оқова сув тармоқлари янгиланди. Яшаш жойлари қаршисида болалар ва спорт майдончалари юзага келтирилди. Бундан ташқари, 1704 та якка тартибдаги турар жой замонавий деворлар билан ўралиб, уйғун рангларда бўёқдан чиқарилди.

— Туманимизда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларида 100 дан ошиқ техника,

6 минг нафарга яқин қурувчи қатнашди, — дейди Арнасой тумани ҳокимининг ўринбосари Рўзимурод Бобоев. — Натижада туман маданият маркази, деҳқон бозори, автошоҳбекат каби 40 дан зиёд бино ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари таъмирланди, 24 та ташкилот ва корхона учун янги бино қурилди, 38 та савдо, маиший хизмат ва ишлаб чиқариш шохобчалари ишга туширилди. Шунингдек, 3 та йирик саноат корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. 5 километру 200 метр йўл таъмирланди, 18 километр ичимлик суви қувурлари тортилди. 1,5 километр оқова сув учун лотоклар ўрнатилди. Бундан ташқари, 11 гектар майдон ободонлаштирилиб, 24 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

 Президентимиз меҳрини сезиб яшамоқдамиз

 Туман ҳокимининг ўринбосари тилга олган саноат корхоналаридан бири мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Arnasoy gold teks» масъулияти чекланган жамиятидир.

— 16 йилдан буён Ўзбекистонда саноат соҳасида фаолият кўрсатаман, — дейди «Arnasoy gold teks» масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш бўйича директори Адем Ферзий. — Шу боис юртингиздаги иқтисодий муҳит менга яхши таниш. Қувонч билан айта оламанки, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда давлатнинг тадбиркорликка муносабати тубдан ўзгарди. Хорижлик мутахассис сифатида яратилган ушбу имконият ва имтиёзлар яқин келажакда республикангизни саноати ривожланган мамлакатга айлантиришига ишонаман. Яна шуниси аниқки, бугун ҳар бир тадбиркор, у хоҳ хорижлик, хоҳ маҳаллий ишбилармон бўлсин, Президентингизнинг ҳимоясида, эътиборида эканлигини ҳис этиб турибди.

«Arnasoy gold teks»нинг ишлаб чиқариш имкониятларига келадиган бўлсак, айни вақтда 100 турдан ортиқ маҳсулот тайёрлаяпмиз. Ички бозорга киришимиз бир қатор енгил саноат маҳсулотларининг нархини 80 фоиз­гача арзонлаштирди. Чунки тайёрлаётган кийим-кечакларимиз хорижникидек сифатли, лекин бир неча баробар арзон. Экспортни Россияга 1,2 миллион АҚШ долларилик кийим-кечак ва сочиқ етказиб бериш билан бошладик. Яна 1,5 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги маҳсулотни сотиш бўйича шартнома имзоланиш арафасида. Кейинги босқичда ип-калава йигириш ва матони бўяш технологиясини ўзлаштирамиз.

Шу каби корхоналарнинг ишга тушиши ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда уй-жой билан таъминлаш учун омил бўлаётир. Бу эса одамларни хорижга иш қидириб кетишдек ташвишу муаммолардан қутқаряпти.

— 11 йилдан ошиқ ижарама-ижара яшадим, иқтисодимни яхшилаш ниятида хорижда ҳам ишлаб келдим, — дейди «Arnasoy gold teks» масъулияти чекланган жамиятининг моделлаштириш бўлими бошлиғи Дилдора Қаюмова. — Ҳозир дунёнинг энг илғор давлатлариникидан қолишмайдиган корхонанинг мутахассисиман. Ишли бўлдим, деб қувониб турганимда, туман хотин-қизлар қўмитаси яқинда олажак уйимнинг бошланғич тўловини тўлаб берди. Бундан 3–4 йил илгари биров ҳаётингда шундай ўзгариш юз беради, деса ишонмасдим. Ҳаммасидан ҳам икки нафар фарзандим хурсанд, доимо уларнинг ёнидаман. Юртбошимиз арзон уй-жойлар қуриш, одамларни иш билан таъминлаш чораларини кўрмаганида, бу рўшноликлар қаерда эди? Баландпарвоз гапларни гапиряпти, деманг-у, одамлар Президентимиз меҳрини ҳар қадамда сезиб яшамоқда.

Худди шундай, вьетнамлик инвесторлар томонидан ҳудудда балиқ, қорамол ва товуқ учун омухта ем ишлаб чиқарадиган «ММТ SEA FOOD» масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. 68 та иш ўрнига эга, бир кеча-кундузда 4–6 тонна омухта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур хорижий корхона фаолиятини йўлга қўйиш учун 2,7 миллион АҚШ доллари сарфланган.

Шунингдек, корхона қошида йилига 50 миллион дона балиқ чавоғи етиштириладиган инкубация цехи ҳамда 45 гектарлик сунъий кўл барпо этилди. Мазкур кўлда зоғорабалиқ, оқ амур, дўнгпешона каби балиқлар кўпайтирилмоқда. Йил охиригача 200 тонна балиқ ва балиқ маҳсулотлари сақланадиган музлаткичли омборхона қуриб битказилади. Юртимиздаги балиқчилик хўжаликларига Вьетнамдан маҳсулдор балиқ зотларини олиб келиш ишлари ҳам амалга ошириляпти. Қисқа қилиб айтганда, Арнасойда йирик балиқчилик кластери юзага келаётир.

— Арнасой Мирзачўлда пайдо бўлган энг кенжа туман ҳисобланиб, ташкил этилганига 44 йил бўлди, — дейди Ғолиблар шаҳарчаси Самарқанд кўчасида яшовчи Жўрабек Пиримқулов. — Вилоятимизнинг энг чекка тумани бўлгани учунми, бир неча йиллар эътибордан четда қолди. Айрим жойлар абгор ҳолга келиб қолгани ҳам рост. Очиғи, қачон туманимизга эътибор қаратилар экан, деб ўйлаб қолардик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда улкан ўзгаришлар содир бўлди. Завод ва фабрикалар фаолияти йўлга қўйилиб, қишлоғу маҳаллалар қиёфаси ўзгара бошлади. Қисқа муддатларда вилоятимиздаги Манас қишлоғи обод гўшага айланди. Кейин Гагарин шаҳри замонавий кўринишга кирди.

Мана, бу йил Арнасойга навбат келди ва туманимиз ҳеч бир шаҳардан қолишмайдиган даражага етди. Кўчаларимизга мос тарзда кўнгилларимиз ҳам кенгайиб қолгандек. Айниқса, шаҳримиз тунда чароғон бўлиб кетади. Ҳаммасидан қувонарлиси, катта-кичик корхоналар ишга тушяпти. Одамлар ўзга юртларга иш қидириб кетишдан тўхтади. Бу ёқда қулай шартлар асосида уй-жой бериляпти. Шундан халқимизнинг қалби қувончга тўлган, ҳамманинг юзида мамнунликни кўрасиз. Бу ўзгаришлар бошида турган Президентимиздан арнасойликлар чексиз миннатдор.

Арнасойда бир қанча ташкилотлар қаторида, туман бандликка кўмаклашиш маркази жамоаси ҳам янги бинога эга бўлди. Ушбу икки қаватли иншоот қурилиши ва жиҳозланиши учун 1 миллиард 320 миллион сўм маблағ сарфланган.

— Илгари ташкилотимиз турли жойларда ижарада турган, бу жиҳат фаолиятимиз самарадорлигига салбий таъсир қиларди, — дейди Арнасой тумани бандликка кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари Муслимбек Насриддинов. — Янги бинода ишга жойлаштириш, жамоатчилик ишларини мувофиқлаштириш, давлат меҳнат ҳуқуқи, касбга ўқитиш ва малакасини ошириш, кам таъминланган оилаларни мониторинг қилиш каби бўлимлар учун 9 та хона мавжуд. Мажлислар залимиз ҳам бор. Бинода зарурий ҳарорат таъминланади. Энди фуқароларни касбга ўқитиш ва малакасини ошириш, жамоат ишларини ташкил этиш, ишсизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид фаолиятимизни янада кучайтира оламиз. Чунончи, 134 нафар ишсизга касб ўргатиш имконига эга бўлдик. Шунингдек, кам даромадли оилаларга субсидия ва грантлар ажратяпмиз. Тадбиркорлик борасида янги иш бошлаганларга давлат рўйхатидан ўтказишда, суғурта ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам беряпмиз.

Шунингдек, жорий йилда мазкур ташкилотнинг моддий қўллаб-қувватлови асосида 5 та иссиқхона қуриб битказилди, бир тадбиркорга сув тортиш насоси олиб берилиб, 2700 киши жамоат ишларига жалб қилинди. Умуман олганда, тумандаги қарийб барча ташкилотларда ана шундай ҳар жиҳатдан қулай иш шароитлари яратилмоқда.

 Юксалишга ундаётган беш ташаббус

 «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси доирасида бир қатор маданий-маиший иншоотлар қад ростлади. Шулардан бири Ички ишлар вазирлиги маблағлари ҳисобидан бунёд этилган туман ахборот-кутубхона маркази бўлиб, ушбу зиё маскани меъморий ечимига кўра, ҳудуддаги энг кўркам бинолардан бири ҳисобланади. 50 минг дона китоб сиғимига эга марказда 24 ўринли ўқув зали ҳамда яна шунча ўринли электрон адабиётлардан фойдаланиш хонаси мавжуд.

Ўқув залидаги компьютерлар интернет тармоғига уланиб, WI-FIдан фойдаланиш учун шароит яратилган. Айни вақтда кутубхонадаги китоблар сони 9 мингтани ташкил қилади, йил охиригача 15 минг донага етказиш мўлжалланяпти.

— Бу ердаги ҳар бир жиҳоз, ҳар бир буюм инсонни китоб ўқишга ундайди, — дейди ахборот-кутубхона маркази ходими Феруза Юнусова. — Мисол учун овозли илмий ва бадиий адабиётлардан фойдаланиш, мамлакатимизнинг йирик кутубхоналарига виртуал уланиш имконияти яратилди. Ҳатто мутолаа жараёнида қаҳва ичиш мумкин. Бинони иситиш ва совутиш, гардероб, тадбирлар уюштириш имкониятлари ҳам эътибордан четда қолмаган. Бундай кутубхона вилоятимизда ягона, десам адашмайман. Мазкур маскан арнасойликларнинг билим олишлари, китоб ўқишлари учун ажойиб шароит яратди. Ушбу тадбир натижаси фарзандларимизнинг олий ўқув юртларида таълим олиши, юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган комил инсонлар бўлиб улғайишида намоён бўлади, албатта. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусдан бири — китобхонликни ривожлантириш ишига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Дарҳақиқат, ахборот-кутубхона маркази жамоаси томонидан аҳоли, хусусан, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини мазкур зиё масканига жалб этиш чоралари кўриляпти. Бу ерга ҳар куни ўртача 50 нафар китобхон ташриф буюради. Миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналари жамланганлиги бадиий адабиёт ихлосмандларининг эътиборини тортмоқда. Арнасой туманидаги 8-ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилнура Ҳайитбоева ҳам бадият оламининг ҳавасмандларидан.

— Ҳамид Олимжон, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон асарларини севиб ўқийман, — дейди Дилнура. — Орзуим – Президент мактабида таълим олиш ва кейинчалик шифокор бўлиш. Бунинг учун жуда кўп китоб ўқишим кераклигини биламан. Туман ахборот-кутубхона марказига тез-тез келиб туришим сабаби ҳам шунда. Бу ердаги шароит менга жуда ёқади, асосийси, қизиқарли китоблар кўп.

Худди шундай, ташландиқ ҳолатга келиб қолган маданият марказининг замонавий архитектура талаблари асосида капитал таъмирдан чиқарилиши арнасойликлар учун айни муддао бўлди.

— Бу ерда ёшларга эстрада хонандалиги, мақом ижрочилиги, рақс, театр томошаларини тайёрлаш, видеооператорлик сирларини ўргатишни йўлга қўйдик, — дейди Арнасой тумани маданият маркази бош мутахассиси Орзугул Абдуҳакимова. — Шунингдек, овоз ёзиш студиямиз бор. «Камалак» халқ ҳаваскорлик қўғирчоқ театримиз ҳам ушбу марказга жойлашди. Бу ерда тез-тез концертлар ўтказяпмиз. Мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда дастурларимизни намо­йиш этмоқдамиз.

Қаровсизликдан хароб ҳолга келган маданият марказининг қайта тикланиши арнасойликларнинг ҳордиқ чиқариши учун ажойиб шароит яратиши билан бирга, ҳудудда санъатни ривожлантиришга омил бўлаётир. Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг самарали тарздаги ижросини шу санъат маскани мисолида кўришимиз мумкин.

 Арнасойга келинг...

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бу йил туман марказида 2 та нодавлат, 11 та уй шароитидаги мактабгача таълим ташкилоти барпо этилган. Шунингдек, 3 та ўрта умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирдан чиқарилди. Хусусан, қарийб яроқсиз ҳолга келиб қолган 5-сонли «Наврўз» мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг билим олиши учун барча имкониятлар яратилди. Таълим-тарбия маскани ўз кутубхонаси, сузиш ҳавзаси ва санъат залига эга.

— Муассасамизда инглиз ва рус тиллари, мусиқа, бадиий гимнастика, сузиш машғулотларини сифатли ташкил эта оламиз, — дейди тарбиячи Камола Жалилова. — Бир қанча мусиқа асбоблари ва бир неча юзлаб китобларимиз бор. Кутубхонамизни янада бойитишни режалаштирганмиз. Болаларнинг дам олиши, сифатли овқатланиши учун барча шароитлар мавжуд, маиший техника ва мебеллар билан таъминланганмиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги майдончамиз ҳам бор. Мактабгача таълим тизимига жуда катта эътибор қаратаётган Президентимиздан ҳамда муассасамиз қурилишига бош-қош бўлган ИИВ масъулларидан бениҳоя миннатдормиз.

— Илгари бу мактабгача таълим муассасасининг деворлари нураб кетганди, биноси ҳам таъмирталаб бўлиб қолганди, — дейди Ғолиблар шаҳарчасининг Усмон Юсупов кўчасида яшовчи 54 ёшли Хайри Аҳмедова. — Шу боис ёзда иссиқ, қишда совуқ, ҳатто зиналарнинг тутқичи йўқ эди. Мана, энди болалар таълим-тарбия оладиган жойга айланди. Доим «бормайман» деб хархаша қиладиган набирам ҳам шарт-шароитлари яхшилигидан бу ерга шошилади. Йўлларни айтмайсизми, қишда лой, ёзда чанг кечиб келардик. Ҳозир ҳамма йўлларимиз равон, тўлиқ асфальт қилинган. Болаларга шундай шароит яратиб берган, Арнасойимизни орзудаги шаҳарга айлантирган Президентимизга катта раҳмат.

– Уйлар иситилмаганидан деворлар моғорлаб кетарди, ҳовлидаги ичимлик суви тармоғи олдида бир неча кўп қаватли уйда яшовчилар навбатга турарди, — дейди Ғолиблар шаҳарчасининг Самарқанд кўчасида истиқомат қилувчи Умида Достонова. — Ҳовлига қадам қўйишингиз билан оёғингиз лойга ё чангга ботарди. Энди бўлса, уйларнинг томи, эшик ва деразалари, ичимлик суви, оқова сув, газ тармоқлари янгиланди. Бинонинг кириш қисми, йўлак­лар, зиналар таъмирланди, «ақлли» электр ҳисоблагичлар қўйилди. Ғорнинг оғзидек очиқ турадиган кириш йўлакларига эшик ва тунги чироқлар ўрнатилди. Худди авваллари чекка қишлоқда яшардиг-у, яқинда шаҳарга келиб қолгандекмиз.

– Агар 8 ой илгариги Арнасой билан бугунги Арнасойни қиёсласангиз, осмон билан ерча фарқ борлигини кўрасиз. Болалар ўйнайдиган жойнинг ўзи йўқ эди, десам ишонасизми? Кўп қаватли уйда ҳожатхона ишламасди, сув йўқ эди. Қиш келаверса, ҳаммага томдан ўтадиган чакка ташвиши туша бошларди. Бундай уйларда яшаш қайсидир маънода жазо эди, десам адашмайман. Туманимиз марказидаги «Раҳмон» жомеъ масжидининг ҳолати ҳам олдинги замонамизга мос, ҳаминқадар эди.

Эл қадам қўядиган жой борки ҳаммаси ўзгарди. Масжидимиз саҳнини кўтаришнинг ўзига минг автомашина тупроқ ва шағал кетди. Устига 1,5 минг квадрат метр брусчатка ётқизилди. «Вақф» жамғармаси масжид гумбазини янгилаб берди. Ҳозир бино ичини таъмирлаш, иситиш тизимларини алмаштириш чоралари кўриляпти. Маъмурий бино ва таҳоратхона қайтадан қурилаётир.

Гапимни қисқа қиладиган бўлсам, сўнгги йигирма йил ичида тушимизга ҳам кирмаган ишлар бугун амалга ошяпти. Ишонасизми-йўқми, дунёга келиб бирорта раҳбарни мақтамаганман. Аммо Президентимиз бошлаган эзгуликлар халқимизнинг юрагини ишончга тўлдир­япти. Шундан элимиз у кишини астойдил дуо қилаётир, – дейди Исрофил Қодиров.

Бозорлар – юрт кўрки, унинг ривожланиши ва тараққиётини, халқнинг турмуш тарзи қай даражада эканлигини кўрсатиб берувчи кўзгу ҳамдир. Катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишларидан сўнг Арнасой тумани деҳқон бозорида сотувчи ва харидорларга қулай шароит яратиш борасида ибратли ишлар амалга оширилди. Эндиликда деҳқонлар олиб келган маҳсулотини халталарга солиб, ердами, растадами, дуч келган жойда сотиб кетаверадиган пайт­лар ортда қолди. Савдо расталарида сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам барча шароит яратилди.

Хуллас, Арнасойда қилинган эзгу ишларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган бу каби эзгуликка йўғрилган амаллар бутун мазмун-моҳияти билан фақат инсон манфаатларини ифода этмоқда. Жумладан, арзон турар жойлар қурилаётганлиги, бу уйларнинг кам таъминланган ва ногиронларга имтиёзли шартларда ажратилаётганлиги, тадбиркорларга енгилликлар яратилиб, қулай инвестицион муҳит юзага келтирилиши ва ишлаб чиқаришни тараққий эттириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг илиқлашуви, ҳаттоки, китоб ўқиган болага автомашина берилаётгани замирида одамларнинг турмушини яхшилаш, маънавиятини юксалтириш, юртимизни дунёнинг илғорлари сафида бўлишини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам.

Айтганча, кўркам турар жойларни, кенг кўчаларни, катта-кичик саноат корхоналарини, замонавий ижтимоий, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобча ва муассасаларини, ободлик ва гўзалликдан қувониб-қониқиб яшаётган инсонларни, шўх-шодон болажонларни кўришни истасангиз, Арнасойга бир келинг.

 

Бернора САДИКОВА,

полковник.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Pоstdа» мухбири.

 

* * *

Кўнгил тўқ, кайфият аъло

16 йилдан буён Арнасой туманида яшайман. Шунча йил ичида туманимиз ҳаётида айтарли ўзгариш кузатилмаганди. Молхона ва ҳожатхоналар сабаб кўп қаватли уйлар орасига киролмасдингиз. Йўл бўйлари чиқиндихонага айланиб қолганди. Очиғи, ўзимиз ҳам шундай яшашга кўникиб кетгандик.

Мана бу йил туманимизга Юртбошимиз назари тушиб, ҳамма жой обод бўлди. Одамнинг кўзи қувонади: мактаблар, шифохоналар, уйлар, ташкилотлар бир хилда кўркамлашди. Кўп қаватли уйлар ораси очилганидан тоза шамол эса бошлади, десам адашмайман. Болалар ва спорт майдончаларини айтмайсизми!

Илгари зим-зиё бўлгани боис, кечки пайт кўчага чиққимиз келмасди. Ҳозир кўчалар чароғон, тунда ҳам дам олиш масканлари одамлар билан гавжум. Айниқса, корхоналарнинг ишга тушаётгани бизни қувонтирмоқда. Ўзгаришлар сабаб одамларимизнинг кўнгли тўқ, кайфияти аъло, барчамиз Президентимиздан миннатдормиз.

Рустам ПАРДАЕВ.

 

Одамларимиз уйғоняпти

«Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси сабаб туманимизда коммунал ва йўл қурилиши, борасида ҳам кенг кўламли ишлар қилинди. Симёғочлар бетон устунларга алмаштирилиб, электр симлари ва ичимлик суви тармоқлари янгиланди. Аҳоли турар жойлари таъмирланди, ободонлаштирилди. Ҳудудимизга 3 мингдан зиёд манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. Шу боис биз яшайдиган Бобур номидаги маҳалла вилоятимизнинг энг кўркам гўшаларидан бирига айланди.

Қувонарлиси, ҳамма туманимизда бошланган ўзгаришлардан таъсирланаётир. Яъни, кимдир дўконини замонавийлаштиряпти, бошқа биров уйини кўркамлаштириб, шаҳарнинг умумий кўринишига мосламоқда. Биров берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, ўз ишини очаяпти. Хуллас, одамлар уйғонмоқда.

Идрис ПАРМАНОВ.

 

Раҳбарлар элни рози қилиш ташвишида

Йил охиригача туманимизда қарийб 1200 та иш ўрни яратилади. Шундан 900 дан ортиғи хотин-қизлар учун. Умуман олганда, Президентимиз ташаббуси билан оилалар, хусусан, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтиришга катта эътибор қаратиляпти. Жумладан, ўтган йили 16 нафар ногирон ва боқувчисини йўқотган аёл турар жой билан таъминланди. Бу уйлар тўловининг 10 фоизини қўмитамиз қошидаги фонд тўлаб берди. Жорий йил эса айни шу мақсадда

18 та уй қурилди, хотин-қизлар тадбиркорлиги учун 540 миллион сўм миқдорида 8 фоизлик кредит ажратилди. 3 нафар вояга етмаган оғир бемор боланинг мураккаб жарроҳлик амалиёти хорижда ёки чет эллик мутахассислар ёрдамида юртимизда ўтказилди. Аёлларимизни жамоатчилик ишларига жалб этяпмиз. Бу каби эътибор ва ғамхўрликка биз — аёллар оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, комил фарзандларни улғайтириш билан жавоб қайтаришимиз керак.

Яхши маълумки, Президентимиз ҳамиша раҳбарларга халқни рози қилиш талабини қўяди. Арнасойда ана шу талаб бажариляпти, деб ўйлайман. Бунга ҳудудда амалга оширилган улкан бунёдкорликлар, аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ишлар далил.

Гулзода ҲАЙДАРОВА,

Арнасой тумани ҳокими ўринбосари – туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.