Устидан поезд ўтса ҳам уйғонмаган «шоввоз»

  • 15:09
  • 20,09-2019
  • 360
  • Улашинг

Одатда донг қотиб ухлайдиган, ҳеч нарсани сезмайдиган боқибеғамларга нисбатан «қулоғининг тагида замбарак отсанг ҳам сезмайди» деган ибора ишлатилади. Буни қарангки, яқинда шундай «шоввоз» билан юз берган ҳолат Сурхондарё вилоятида қайд этилди.

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Жарқўрғон тумани Пахтазавод маҳалласида яшовчи Т. Э. базмдан бироз кечроқ қайтди. Соат кечки тўққизларда маст ҳолатда уйига яқин бўлган темир йўл изларига келганда, унинг кўнгли бироз дам олишни, ўзи билан олиб келаётган бир шиша спиртли ичимликни татиб кўришни хоҳлаб қолди. Темир йўл устига жойлашиб ўтирганча ичкиликни истеъмол қилгач, уни уйқу боса бошлайди. Мастликдан ўзини бошқара олмайдиган ҳолга келиб қолган одам учун қаерда ухлашнинг фарқи йўқ. Т. Э. ҳам темир йўл излари орасида ухлади-қолди.

Ҳаммаси эртасига юз берди. Кундуз куни соат 12:05 да «Бақтрия» темир йўл бекатидан Жарқўрғон темир йўл бекати сари поезд ҳаракатланиб кела бошлади. Одатда темир йўл яқинида яшайдиган хонадонларга меҳмонга бориб қолган, бир кеча ўша ерда тунаган киши поезд ўтган вақтни худди зилзила бўлиб ўтгандек тасвирлайди. Кечаси билан ухлолмаганини таъкидлайди. Бизнинг «қаҳрамонимиз»га эса булар чикора экан. У қулоғининг тагида замбарак отсанг ҳам уйғонмайдиганлардан чиқиб қолди. Хуллас, поезд машинисти Х. Қурбонов темир йўл орасида кимнингдир ётганини кўриб қолиб, анча ўтиб кетган бўлса-да поездни тўхтатди. Буни қарангки, фуқаро кучли маст ҳолатда бўлганлиги сабабли устидан поезд ўтиб кетса-да, ҳушига келмаган экан. Поезднинг саккизинчи вагони тагидан тортиб чиқариб олинган Т.Э.ни уйқудан уйғотиш қийин кечди.

Айни пайтда фуқаро Т. Э. қилмиши учун қонун олдида жавоб берадиган бўлди.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Postda» мухбири.