Юрт ободлигидан мамнунлик ҳисси

  • 14:09
  • 18,09-2019
  • 219
  • Улашинг

Ҳазорасп тумани ИИБ бошлиғига бириктирилган 3-сектор ҳудудидаги Пичоқчи маҳалласи обод ва кўркам масканга айланиб бормоқда. Маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг уйини таъмирлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, аҳолини электр энергияси, ичимлик суви ҳамда табиий газ билан таъминлаш, транспорт қатновидаги муаммоларни ҳал этиш каби кўплаб муҳим масалалар ўз ечимини топмоқда.

Ҳудудда тадбиркорликни ривож­лантириш, имтиёзли банк кредитлари ажратиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мева-саб­завотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа фаолият турларини ривожлантириш, шунингдек, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда таълим муассасалари билан ҳамжиҳатликдаги ишлар самарали йўлга қўйилган.

– «Йўл харитаси»га киритилган вазифалар белгиланган муддатда бажарилишига эришилмоқда, – дейди сектор штаби котиби, лейтенант Ғайрат Қутлимуратов. – Маҳалла ҳудудида 934 та хонадон мавжуд бўлиб, 5433 киши истиқомат қилади. Шу кунга қадар барча хонадонлар тўлиқ ўрганиб чиқилди ва аниқланган муаммолар «Йўл харитаси»нинг чора-тадбирлар режасига киритилиб, тегишли ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирокида ижобий ҳал этилди. Хусусан, 371 та хонадон тўла таъмирдан чиқарилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 8 километр узунликдаги қувур ётқизилди. Шунингдек, 5-умумтаълим мактаби ҳамда 38-оилавий поликлиникада таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Ҳудудда аҳолига маданий-маиший хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Туман ҳокимининг қарорига асосан,
7 нафар тадбиркорга бизнес ло­йиҳаларини амалга ошириш учун маҳалла ҳудудидан ер майдони ажратиб берилди ва айни кунда қурилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Иссиқхона қуриш истагини билдирган 40 нафар фуқарога «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти билан келишилган ҳолда имтиёзли банк кредитлари ажратилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган тўрт нафар фуқарога чорва моллари ҳамда паррандалар олиб берилди.

– Маҳалланинг янада обод ва кўркам бўлишини кўчалар ва йўлларсиз тасаввур қилиш қийин, – дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Ойбек Саидов. – Айни пайтда ҳудуддаги ички хўжалик йўлларининг 6,8 километрида қурилиш якунланиб, қолган қисмида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Тўрт километр узунликдаги пиёдалар йўлакчаси қурилиши ҳам тўла якунига етказилиб, кўчаларга 75 та ёритиш чироғи ўрнатилди.

Ҳудудда ўтган йили 2,6 гектар майдонда гидропоника усулидаги иссиқхона бунёд этилди. Айни кунда тадбиркор Ҳайдар Шерниёзовга тегишли ушбу иссиқхонада экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Шунинг­дек, маҳалла ҳудудида Умиджон Маткаримов раҳбарлигидаги «Hazorasp green haus» МЧЖ томонидан бир гектар ер майдонига замонавий типдаги иссиқхона қурилиши якунига етказилиб, уруғ экиш ишлари давом этяпти. Тадбиркор Сайёра Қўчқорова ташаббуси билан давлат шерикчилиги асосида замон талаб­ларига жавоб берадиган «Ширинтойлар олами» мактабгача таълим муассасаси ишга туширилди. Айни кунда ушбу масканда 60 нафар болажон тарбияланмоқда.

– Қишлоқ шароитида барча қулайликларга эга бўлган бундай кўркам мактабгача таълим муассасасининг ишга туширилиши маҳалла аҳли учун чинакам қувонч­ли воқеа бўлди, – дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Эргашбек Рўзметов. – Бу ерда кичкинтойлар учун барча шароитлар яратилган. Машғулот хоналари, ўйингоҳлар, спорт майдончалари, ювиниш хоналари, тиббиёт хонаси, овқатланиш зали, эртаклар шаҳарчаси болажонлар ихтиёрида. Шунингдек, бу ерда жажжи кичкинтойларга алифбе сабоқлари билан бир қаторда, инг­лиз ва рус тиллари ҳам пухта ўргатиб борилмоқда.

Ҳудудда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан бирга жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар ташкил қилинган. Йил бошидан аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш натижасида эҳтиёж­манд, низоли оилалар, ишсиз фуқаролар, спиртли ичимликка ружу қўйган, жиноят содир қилишга мойил бўлган ва бошқа тоифадаги шахслар аниқланиб, улар билан доимий равишда профилактик суҳбатлар олиб борилди. Профилактик тадбирларга жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб қилиниб, содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сектор раҳбари иштирокида муҳокама қилинмоқда ва уларга имкон бераётган сабаб­лар атрофлича ўрганиб чиқиляпти. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган бундай тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмади.

Ҳазорасп туманидаги Пичоқчи маҳалласида секторлар кесимида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирар эканмиз, халқимизнинг бугунги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан, яратиб берилаётган шароитлардан, хуллас, юрт ободлигидан мамнун эканлигини ҳис этдик. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «Халқимиз ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак».

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.

Муаллиф олган суратлар.