Буюклар Навоий ҳақида

  • 10:02
  • 10,02-2020
  • 64
  • Улашинг

Агар бу зотни авлиё десак, у — авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак — мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак — шоирларнинг султонидир. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади.

Ислом КАРИМОВ

 

Бу қаламга фалакдан офаринлар ёғилсин! Чунки бу ёқимли нақшни ўша қалам яратди ва форсий тил эгалари, форсча назм дурларини тизувчиларга раҳм қилди: агар у ҳам шу форсий тилда ёзганида, бошқаларга сўз айтишга мажол қолмасди. Бу мўъжизакор назм тарозиси қаршисида Низомий ким-у Хусрав ким бўлди?!

Абдураҳмон ЖОМИЙ

 

Эли туркдур. Шаҳри ва бозорида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Анинг учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирида нашъу намо топибдур, бу тил биладур.

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

 

Келинг, шоирлар куйлайдиган илоҳий ишқ тараннумини ҳам ёддан чиқармайлик. Айтмоқчи бўлганим илоҳий ишқ таъмини тотган шоирлар Тангрининг буюк зот эканига шубҳасиз иймон келтирадилар. Илоҳий ишқ шуҳратини туйган кишиларда эл-юрт фаровонлиги учун наф келтириш истаги дунёга келади. Мен Ўрта Осиёда топган руҳонияти буюк шоирлардан бири Алишер Навоийдир.

Гарри ДИК,

«Лисон ут-тайр»ни инглиз тилига ўгирган таржимон.

 

Навоий ижоди шу қадар поёнсиз туйғулар оламики, ундан инсон ҳиссиётининг барча жилолаларини топиш мумкин. Севги, соғинч, рашк, умид, айрилиқ уқубати, висол шодлиги, юрт меҳри, фидолик, жасорат... бу саноқни чексизлик қадар давом эттириш мумкин. Тасаввуримда инсон руҳиятиининг бирор ҳолати йўқки, Навоийда унинг ифодаси учун бир байт топилмасин.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон халқ шоири.