Боланинг насибасига кўз олайтирган оқсоқол

  • 11:09
  • 14,09-2019
  • 952
  • Улашинг

Боланинг насибасига кўз олайтирган оқсоқол

Бугун коррупцияни йўқотиш, унинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, тамагирлик, порахўрлик каби жирканч иллатлардан тап тортмаётган мансабдорларнинг учраб тургани жуда ачинарли ҳолатдир. Айниқса, доимо халқ орасида фаолият кўрсатадиган, фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, яхши-ёмон кунида ёнида туриши лозим бўлган соҳа вакили шу ишга қўл урса, бошқалардан нима кутиш мумкин?

Яқинда жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоятининг Ангор тумани судида «Қорабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаган Элёр Маликов (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг жиноий ҳаракатига оид суд иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, маҳалла фуқароси Х. Жумаев икки ёшга тўлмаган фарзандига нафақа тайинлашни сўраб, оқсоқолга бир неча бор мурожаат қилади. Аммо маҳалла раиси бу ишни пайсалга солиб юраверади. Навбатдаги мурожаатларнинг бирида у фуқарога муддаосини айтди:

– Майли, кейинги ойдан нафақа чиқартириб бераман. Фақат бунинг бироз харажати бор. Шунинг учун тайинланган нафақанинг биринчи ойлигини менга берасан.

Фуқаро ноилож унинг шартига кўнди. Кейинги ойдан фарзанди учун нафақа пули оладиган бўлди. Бунинг учун банкдан пластик карточка ҳам очтирди. Раис айтгандек, шу ойда уларнинг пластик карточкасига 426 минг сўм тушди. Пул тушганини раиснинг ўзи қўнғироқ қилиб эслатди:

– Пластикка пулни туширтириб бердим. Келишганимиздек, дарров банкоматдан нақдлаштириб менга олиб келиб бер.

– Оқсоқол, катта раҳмат. Фақат... шу уйда ун йўқ эди. Пулга жуда зориқиб турувдик...

– Э, менга эртак айтма. Сенга харажати бор дегандим-ку. Шунга рози бўлдинг. Энди лафзингдан қайтма-да.

– Оқсоқол, унда бу ой 200 минг берақолайлик. Қолганини кейинги ойдан олиб қоларсиз.

– Гапингда турмаслигинг­ни билганимда умуман нафақа чиқармасдим, – деди оқсоқол худди ёнидан пул бераётгандек жаҳл билан. Кейин гўё уларга мурувват қилгандек бироз юмшади. – Ҳа, майли, айтган пулингни Янги турмуш маҳалласидаги бозорнинг олдига олиб кел бўлмаса. Қолганини айтганингдек бермасанг, нафақани кейинги ойдан тўхтатиб қўяман. Тушундингми?

– Тушундим, оқсоқол, тушундим...

Раис ундан келишилган пулнинг 200 минг сўмини тумандаги Янги турмуш маҳалласида жойлашган буюм бозори ёнида олишга келди. Лекин ҳаром луқма жиғилдонига етиб бормади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда унинг қўлига кишан солинди.

Судда айбланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, минг пушаймонлигини билдирди. Суд унга нисбатан икки йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Шунингдек, собиқ маҳалла раиси икки йилга давлат улуши бўлган корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик, моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

 

Moҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА,

журналист.