Соғ танда – соғлом ақл

  • 11:09
  • 14,09-2019
  • 397
  • Улашинг

Юртимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшу кексанинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишга катта эътибор қаратилган. Жорий йилнинг август-октябрь ойларида ўтказилаётган «Халқ саломатлиги ойлиги» доирасидаги тадбирлардан айни шу мақсад кўзланган.

Навоий шаҳридаги «Сўғдиёна» спорт мажмуасида Миллий гвардиянинг Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари ҳамда хизматчилари ўртасида спорт мусобақаси ташкил этилди. Унда ходимлар ҳамда хизматчилардан ташкил топган олтита жамоа ғолиб­лик учун кураш олиб борди. Иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги эстафета, тош кўтариш, армрестлинг ва арқон тортиш машғулотлари ҳамда ерга таянган ҳолда куч ишлатиш каби шартлар орқали синовдан ўтди.

Ойлик доирасидаги яна бир тадбир Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида жойлашган 1-сонли болалар спорт мактабида бўлиб ўтди. «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ташкил этилган мусобақада вилоят Қўриқлаш бошқармаси ходимларининг фарзандлари югуриш, узунликка сакраш, тўп улоқтириш каби шартларда беллашди.

Мусобақалар якунида ғолиб ҳамда совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.