«Саҳро марвариди»га айланаётган Мўйноқ

  • 12:09
  • 11,09-2019
  • 144
  • Улашинг

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугун Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани янги қиёфа касб этмоқда. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириляпти.

Жумладан, БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида «Траст» фонди тузилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Оролбўйида инновация­ларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва шу асосда 2019–2021 йилларда Қорақалпоғис­тон Республикасининг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­тури қабул қилинди. Унга кўра, туманда 2019–2021 йиллар оралиғида жами 1 триллион 485 миллиард сўм ажратилиб, 120 та қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Ўтган қисқа даврда давлат дас­тури доирасида туманда амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ: 800 ўринли амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, спорт зал, ёпиқ бассейн ва Ҳунармандлар маркази фойдаланишга топширилган бўлса, «Бозатау» овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника айни пайтда реконструкция қилинмоқда.

Ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам олдинга силжишни кўриш мумкин. Хусусан, 81 та истиқболли инвестиция лойиҳасининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Айни пайтда 36 та лойиҳа ишга тушиш жараёнида. Бу кўплаб иш ўринлари яратилади деганидир.

Ўтган йилнинг декабрь ойида тадбиркорлар, сайёҳлик компания­лари ва хорижлик инвесторлар иштирокида «Янги Мўйноқ – янги имкониятлар» биринчи инвестицион бизнес-форуми ўтказилган, унда 79 миллион АҚШ доллари миқдоридаги учта шартнома имзоланган эди.

Мўйноқ ўтмишда балиқчилик саноати билан танилгани боис, уни қайта тиклаш ва ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш кўзда тутилган. Шу сабабли тумандаги 28 та табиий кўл инвентаризациядан ўтказилиб, яқин вақт ичида «Мўйноқ аква саноат» корхонаси ишга туширилиши режалаштирилган. Ҳозирда техник ускуналарни ўрнатиш амалга оширилаётган мазкур корхона ишга тушиши билан йилига 4 минг тонна балиқни қайта ишлаш имконияти яратилади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида «яшил қоплама»ли муҳофаза ўрмонлари ташкил этилмоқда. Ўтган икки йилга яқин вақт мобайнида қиш-баҳор мавсумида қарийб 500 минг гектар ҳудудда ана шундай ўрмонлар барпо этилди. Натижада Оролбўйида экологик ҳолатни барқарорлаштириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, бандликни ошириш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш бў­йича янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Бугунги кунда туманнинг иқтисодий имкониятлари ва туристик салоҳиятини акс эттирувчи www.newmuynakcity.uz веб-сайти ва телеграмда «New Muynak city» канали ташкил қилинди.

Қилинаётган ишлар, одамлардаги ўзгаришларни кузатар экансиз, ҳақиқатан ҳам, бундан уч-тўрт йил аввалги Мўйноқ билан бугунги Мўйноқ орасида жуда катта фарқни кўриш мумкин. Туманга келган кишининг ҳозирда бу ердаги ўзгаришларни кўриб ҳайрон қолиши шубҳасиз. Президентимиз ўз сўзларининг бирида «Маданият Мўйноқдан бошланади», дея таъкидлаганларидек, айни пайтда бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари туман қиёфасининг тубдан ўзгаришига сабаб бўлаётир.

– Туманда жиноятчилик аҳволи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 тадан 9 тага камайган. Ўсмирлар ва хотин-қизлар иштирокида бирорта ҳам жиноят содир этилмади, – дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Адил Отегенов. – Шу билан бирга, туман ИИБ секторига қарашли бўлган «Мадели», «Учсой» ва «Қазақдарья» макон фуқаролар йиғинларида сектор аъзолари томонидан уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиш давом этмоқда.

– Албатта, туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда профилактика хизматининг ўрни алоҳида. Ҳудуднинг 11 та жойида «Жамоатчилик назорат маскани» ташкил этилиб, тунги пайт­да маҳалла фаоллари билан биргаликда навбатчилик йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи томонидан жиноятларни ўз вақтида фош этиш, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан профилактик суҳбатлар олиб бориш юзасидан маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда қатор ишлар бажарилмоқда. Ўсмирлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари, бошқа соҳавий хизматлар билан биргаликда туман миқёсида «Тун» тадбири мунтазам ўтказиб келиняпти. Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида туманда ўсмирлар томонидан бирорта ҳам жиноят содир этилмади, – дейди туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси катта инспектори, капитан Шарапат Қудияров.

 

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.