Ҳақли эътирофга муносиб маскан

  • 12:09
  • 07,09-2019
  • 290
  • Улашинг

Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда. «Академия – ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш йўлида» мавзуида бўлиб ўтган халқаро илмий-­амалий конференция ҳам шу санага бағишланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Бош прокуратура, Мудофаа, Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликлари, шунингдек, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистоннинг олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда хорижий ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этди.

 

Халқаро анжуман аввалида Академия саф майдонида кўтаринки руҳдаги тадбир ташкил этилди. Барча меҳмонлар кўз ўнгида саф тортган курсантлар Давлатимиз мадҳиясини ижро этишди. Кейин шу ерда таълим олиш бахтига муяссар бўлган, бундан ифтихор туяётган йигит-қизлар тантанали марш садолари остида шахдам қадамлар билан ўтишди.

Асосий тадбир Академиянинг Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов анжуманни очиб, барча йиғилганларни муборакбод этди.

Конференцияда Хитой Халқ Рес­публикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий вакили Лю Тунпин, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) вакили Али Ихсан Чағлар, Туркия Полиция академияси хавфсизлик институти бошлиғи Сонер Байрам Али, Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғининг ўринбосари Aрзигул Джоробекова сўзга чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболларига тўхталиб ўтдилар.

Анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалиётга татбиқ этилаётган янгиланишларга бағишланган видеоролик ҳам намойиш этилди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Орёл юридик институти билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Анжуман якунида меҳмонларга «Ички ишлар вазирлиги Академиясига 25 йил» эсдалик нишони топширилди.

Бир сўз билан айтганда, халқаро конференция доирасида қатор муҳим учрашувлар, муҳокама марказида бўлган мавзулар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга йўл очди.

СЎЗ – АНЖУМАН ИШТИРОКЧИЛАРИГА

Жон Макгрегор,

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг
Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори:

 – 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳуқуқ-тартибот соҳасини такомиллаштириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада шу тизимга салоҳиятли кадрларни тайёрлаб берадиган таълим муассасаларини замон талабига мос, профессионал даражага етказиш муҳим аҳамият касб этади. Бугун
25 йиллигини нишонлаётган ИИВ Академияси ҳам бу борада бош­қа давлатлардаги турдош таълим муассасаларидан ҳеч бир соҳада қолишмаслигини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Шундай қувончли дақиқаларда сизларнинг орангизда бўлганимдан бахтиёрман.

Ўзбекистонда осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доимо қўллаб-қувватлайди. Мамлакатингиз раҳбариятининг юрт тинчлиги ва фуқаролар хотиржамлиги борасида олиб бораётган сиёсати, Ўзбекистоннинг тинчлиги ЕХҲТга аъзо бошқа давлатлар учун ёрқин намунадир. Мамлакатингиз ва ташкилотимиз ҳамкорлиги бундан кейин ҳам давом этишига умид қилиб қоламан.

 

Лю Тунпин,

ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг ушбу мамлакатнинг Ўзбе­кистондаги элчихонаси расмий вакили:

– Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Рес­публикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлиги ўз ижобий натижаларини бермоқда. Ўтган йили Пекинда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ва ХХР Жамоат хавфсизлиги университети ўртасида меморандум имзоланган эди. Мазкур ҳужжат кадрлар алмашинуви, уларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш, илмий лойиҳаларни амалга ошириш каби йўналишларни қамраб олади. 2018 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси делегацияси Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг 70 йиллигига бағишланган тадбирда, шунингдек, полиция таълими соҳасидаги ҳамкорликка оид 10-халқаро форумда иштирок этган эди. Ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг апрель-май ойларида ИИВ Академиясининг профессор-ўқитувчилари ҳамда курсантлари мазкур университетда малака ошириб қайтишди.

Умид қиламизки, ушбу саъй-ҳаракатлар ёшларнинг етук кадр бўлиб етишишида муҳим ўрин эгаллайди. Фурсатдан фойдаланиб, ИИВ Академиясининг 25 йиллиги билан таълим муассасаси жамоасини чин қалбимдан табриклайман. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин.

 

Али Ихсан Чағлар,

Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) вакили:

– Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги байрам қилинаёттган айни паллада ИИВ Академиясининг 25 йилллиги ҳам кенг нишонланаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Қардош халқни бу шодиёналар билан самимий муборакбод этаман. Жаҳонда тан олинган бир ҳақиқат бор: қайсики мамлакатда тинчлик ва барқарорлик бўлмаган пайтда ўша юртда ҳеч қайси соҳада ривож­ланиш бўлмайди. Ўзбекистон раҳбарияти эса буни чуқур англаб етиб, барқарорликни сақлашга, эл осойишталигини таъминлашга биринчи галдаги вазифа сифатида қарамоқда. Ҳозир дунёнинг 59 та давлатида ташкилотимизнинг 62 та филиали иш олиб бораётган бўлса, ҳар доим тинчлик ва барқарорликни таъминлашда, иқтисодий ислоҳотларда биз Ўзбекистонни мисол қилиб оламиз, унинг тажрибасини бошқа давлатларга намуна қилиб кўрсатамиз.

Агентлигимиз ИИВ Академияси билан ҳам мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Жиноятчиликка қарши курашиш, кадрлар билимини бойитиш йўлида кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларнинг ярми Туркияда, ярми Ўзбекистонда амалга оширилди. Шу кунга қадар ўзбекистонлик 500 нафар мутахассис малака ошириб, тажрибасини бойитиб, сертификат олишга муяссар бўлди.

Фозил МАМАШАРИПОВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.