Шонли ва матонатли йўл

  • 11:06
  • 03,06-2019
  • 1652
  • Улашинг

Адабиётни кўнгил гулшани, дейишади. Адабиёт боғига болта эмас, гулқайчи кўтариб кирган, сўз санъатининг нафосатини чуқур ҳис этган, ижод машаққатини теран англаган мунаққид, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов ҳаёт бўлганида бу йил 90 ёшга тўлган бўларди.

Агар адабиётимизнинг яқин юз йиллик тарихига назар ташласак, жуда кўплаб қаламкашларнинг номига кўзимиз тушади. Улардан ҳеч бирининг хизматларини камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, кейинги эллик йил ичида фаолият кўрсатган танқидчилар, адабиётшунослар, публицистлар силсиласида профессор, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати, хизмат кўрсатган фан арбоби, «Буюк хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг номи алоҳида бир чўққи янглиғ кўзга яққол ташланиб туради.

Миллат тафаккурини юксалтириш, дилларни адабиётга ошно этиш, халқнинг маърифатли ва зиёли бўлиши учун қайғуриб, жонбозлик кўрсатиш камдан-кам одамларгагина насиб этадиган улкан бахтдир. Атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов ҳақида ҳақли равишда ана шундай фикрни билдириш мумкин.

Яқинда Ўзбек Миллий академик драма театрида Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар адабиётшунос олимнинг матонатли ҳаёт йўли ҳақида ўз хотираларини сўзлаб берди.

Устозни хотирлаш кечасидаги «Замон оша замондош» ҳужжатли фильмини кўриб, худди домла бизга навбатдаги дарсларини ўтаётгандек ҳис қилдим ўзимни. Орадан йиллар ўтиб, қўлимга қалам олиб, мақолалар ёзиб, бош муҳаррир сифатида муштарийларга манзур бўладиган материалларни газета-журналларимиз саҳифаларида ёритиш, асосийси сўз масъулиятини ҳис қилишимда устозимдан олган билимларим, у кишининг доно ўгитлари мен учун йўлчи юлдуз вазифасини бажариб келяпти десам, муболаға эмас. Ҳужжатли фильмни томоша қилар эканман, 1986–1992 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекис­тон миллий университети) ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган даврларим бирма-бир кўз олдимдан ўтди...

Кейинчалик ўзбек филоло­гияси факультетида ўқиганим учун тақдиримдан мингдан-минг рози эканлигимни изоҳлашнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман. Журналистика факультети талабаларининг бизга ҳавас қилганларини кўпчилик эсласа керак. Бу бежиз эмас, улар энг кучли домлалар филология факультетида дарс беришини ҳақли равишда тан олар эди. Мен ҳам бошқа талабалар қатори Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Абдуғафур Расулов, Омонулла Мадаев, Лазиз Қаюмов сингари адабиёт илмининг етук дарғаларидан таҳсил олиш бахтига мушарраф бўлганман.

Диплом ишимнинг мавзуси «Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романида характер ва портрет яратиш маҳорати» бўлиб, илмий раҳбарим Лазиз Қаюмов эди. Озод Шарафиддиновнинг эса маслаҳатлари, тавсиялари уни муваффақиятли ҳимоя қилишимда муҳим ўрин тутди. Домла диплом иши ёзиш шунчаки бугуннинг муваффақияти эмас, балки келажак учун ҳам муҳим қадам эканлигини таъкидларди, бизга китоб ўқишнинг фақат фойда эканини такрорлашдан чарчамасди. Устоз ҳар бир дарсни шу даража маҳорат билан ўтардики, адабиётдан йироқ киши ҳам қалбида бадиий асарлар оламига қандай қилиб меҳр уйғонганини билмай қоларди.

Бугун шу нарсани ғурур билан айтишим мумкинки, домла бизни адабиётнинг сирли оламига олиб кириб, сўз санъати, сўзнинг муқаддаслигини тушунтира олди. Домланинг Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода сингари адабиётимизнинг атоқли намояндалари ҳақида ўтадиган сабоқларини доимо орзиқиб кутардик. Домла, айниқса, устози Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижоди, у билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни айрича муҳаббат, мароқ билан ҳикоя қилиб берарди. Бугун ўйлаб қарасам, дип­лом ишимнинг мавзусини танлашимга мана шундай самимий устоз ҳақидаги шогирднинг меҳр-муҳаббатга лиммо-лим жўшқин ҳикоялари сабаб бўлган бўлса ажабмас...

Ўзбек шеъриятининг забардаст вакилларидан бўлган замондош шоирларимиз – Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеъриятининг ўзига хос хусусиятлари, ижодкор қалбидан кечадиган ҳис-туйғуларнинг шеърда моҳирона акс эттирилиши бизни доимо ҳайратлантирарди. Домла бизнинг китобга муҳаббатимизни оширибгина қолмасдан, адабиёт деб аталмиш кўҳна ва боқий, инсонни комилликка етакловчи мўъжизавий оламга бошлаб кирган эди, бу оламнинг сир-асрорларини биз учун кашф этганди.

Кези келганда айтишим лозим, Озод Шарафиддиновга ҳамкасблари ва бошқалар кўпинча «Озод домла», деб мурожаат қиларди. Бизнинг бунга ҳаддимиз сиғмай «домла» дейиш билан кифояланардик. Назаримда «Озод домла» дея мурожаат этиш ҳам маълум маънода адабиёт оламида киши даражасини белгиловчи меъёр вазифасини бажарган бўлса керак, деб ўйлайман ҳозир.

Пулимиз бўлса китоб сотиб олиш кераклигини бот-бот такрорларди. Кечки бўлимда ўқиганим боис дарсдан олдин Чорсудаги китоб дўконидан янги нашр этилган китоблардан харид қилиб, уйга боргунимча троллейбус ва метрода мутолаа қилиб келардим. Ҳозир ана шулар ҳақида ўйларканман, қалбимда китобга нисбатан улкан меҳрнинг уйғонишида устозимнинг қанчалар ҳиссаси борлиги хаёлимдан ўтяпти.

Хотира кечасида севимли ёзувчимиз Хуршид Дўстмуҳаммад домла умрининг сўнгги вақтларигача ўз ҳаловатидан кечиб асарлар таржима қилганини, халқ маънавиятини оширишга фойдаси тегиши йўлида куч-қувватини ҳам сарфлаганини юксак эҳтиром билан айтиб ўтганида кўпчиликнинг кўзлари ёшланди. Хуршид ака айтганидай, домла ҳам бошқаларга ўхшаб дунё кезиши, роҳат-фароғатда яшаши мумкин эди. Аммо, юқорида таъкид­лаганимдай, халқ, Ватан, миллат келажаги учун ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечишга камдан-кам одам қодир.

Бугун мамлакатимизда Прези­дентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг китобга, адабиётга муҳаббатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай хайрли ташаббуснинг юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб кенг қулоч ёйилишига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз, домланинг таъбири билан айтганда, «китоб ўқиган боладан ёмонлик чиқмаслигини» халққа тушунтира олишимиз лозим.

Ана шундагина болаларимиз маънавиятли, мустаҳкам иймонли, мард ҳамда ғурурли, ватанпарвар бўлиб камолга етади. Китобга ошно бўлиб улғаяди. Қалбида она Ватанига муҳаббати бўлган инсонларга эса юрт келажаги, миллат тақдирини бемалол ишониб топширса бўлади.

 

Бернора САДИКОВА,

ИИВ Бирлашган таҳририяти

бош муҳаррири, полковник.