Ватанпарвар ва фидойи ёшлар – юрт таянчи

  • 12:06
  • 10,06-2019
  • 511
  • Улашинг

ИИВ Қашқадарё академик лицейида машғулотларни умумтаълим фанларидан маҳоратли педагоглар, ички ишлар йўналишига оид махсус фанлардан эса шу соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган тажрибали мутахассислар олиб боришади. Ўқув жараёни, маънавий-маърифий соҳадаги ишлар яхши йўлга қўйилган бўлиб, фан, спорт тўгараклари мунтазам фаолият кўрсатяпти. Илмий ва бадиий адабиётларга бой кутубхона, 300 ўринга мўлжалланган ошхона, замон талабларига мос жиҳозланган ўқув хоналари, барча зарур анжомларга эга спорт зали, махсус автобус ўқувчилар ихтиёрида. Давлатимиз раҳбари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят ИИБ томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдамга жавобан, педагоглар ва ўқувчилар бу ишончни оқлашга, таълим-тарбия, илм-фан ҳамда спортда янада яхши натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қилишмоқда.

Шаҳар ва вилоятда ўтказилаётган турли кўрик-танловлар, фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз фахрланса арзигулик ютуқларга эришяпти. Жумладан, Қарши шаҳридаги таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтган «Инсоннинг маънавий ва маданий савияси унинг қонунларга оғишмай амал қилишида намоён бўлади» мавзуидаги иншолар танловида ўқувчимиз Рухсора Панжиева биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган «Сиз қонунни биласизми?» кўрик-танловининг шаҳар босқичида қатнашган лицей жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўл олди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Қарши шаҳар бўлими ташаббуси билан ўтказилган «Темурийлар сулоласи тарихини ўрганамиз» кўрик-танловида ҳам лицейнинг ўқувчи ва ўқитувчиларидан иборат жамоа тарих, адабиёт ва санъат соҳасидаги юксак билим ҳамда истеъдодларини намойиш этиб, фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди ва махсус диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Лицейда маънавий-маърифий тадбирлар, китоб мутолааси, ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишда ҳам амалий ишлар қилинмоқда. Ахборот-ресурс марказимиз бой китоб фондига эга. Унда 1000 дан зиёд бадиий асар, 3780 дона ўқув ва 600 га яқин сиёсий адабиёт мавжуд. Бундан ташқари, ахборот-ресурс маркази зарур электрон дарсликлар, илмий-амалий қўлланмалар ва маъруза матнлари билан таъминланган.

Ўқувчиларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва маданий меросимизни асраб-авайлашга ўргатиш мақсадида вилоятдаги тарихий обидалар ва музейларга, шунингдек, «Ватанпарварлар боғи»га қизиқарли экскурсиялар ташкил этилмоқда. Вилоят ИИБ ходимлари ҳамда Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбийлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган турли учрашувлар, давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ўқувчиларда касбий-психологик кўникмаларни шакллантириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, соғлом фикрлаши, жисмоний жиҳатдан бақувват бўлиб улғайиши, танлаган касбига янада ҳурмат, ундан фахрланиш туйғуларини камол топтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Лицейда жисмоний тарбия ва спортга алоҳида эътибор қаратилган. Ёшлар ўртасида спортнинг кўпкураш, шахмат-шашка, сузиш, кураш ҳамда таэквондо каби турларининг оммалашуви кутилган натижаларни беряпти. Бугунги кунда вилоят ва республика чемпионлари, халқаро турнирларнинг ғолиб ва совриндорлари етишиб чиқмоқдаки, биз ҳақли равишда улар билан фахрланамиз.

Жумладан, спортнинг каратэ WКF тури бўйича Ўзбекистон чемпиони, республика терма жамоаси аъзоси Азимбек Халилов, сузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони, республика терма жамоаси аъзоси Чарос Бекназарова ҳамда кўплаб халқаро турнирлар ва вилоят миқёсида спортнинг каратэ, JEET KUN DO каби турлари бўйича ғолиб ва совриндорларидан бўлган Хурсаной Каримова, Вазира Юсупова, Дурдона Норова, Шарофиддин Бобомуродов каби ўқувчилар лицейимиз ифтихоридир.

Бу ерда ички ишлар органлари тарихидан ҳикоя қилувчи музей ҳам фаолият кўрсатади. Ундан Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари тарихига оид кўплаб ноёб экспонатлар, ҳужжатлар, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган уруш ва меҳнат фахрийлари ҳаётини акс эттирувчи лавҳалар, суратлар ва кўргазмалар ўрин олган.

Ёшларнинг маънавий етуклиги уларнинг нафақат билими ёки жисмоний соғломлиги, балки меҳнатга, атроф-муҳитга бўлган муносабатида ҳам акс этади. Лицейда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ўқувчиларда бунёдкорлик, меҳнатсеварлик руҳини камол топтиришга хизмат қиляпти. Лицейда ташкил этилган «Ёшлар боғи»да турли-туман мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди, полиз экинлари экилди. Ҳовлида янада кўркамлик бахш этиб турган анвойи гуллар эса кўрганларнинг баҳри дилини очади.

Ўқувчиларга хизмат кўрсатаётган 100 ўринли ётоқхона ҳам ёшларнинг яхши дам олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур бўлган барча шарт-шароитларга эга. Ётоқхонада маънавий-маърифий тадбирлар, чет тилларни ўрганиш бўйича қизиқарли викториналар ҳамда тиббиёт ходимлари билан учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланган.

Мамлакатимиз тараққиёти, унинг ёрқин келажаги ёш авлоднинг таълим-тарбиясига нечоғли боғлиқ эканлигини замон ва давр руҳи яққол кўрсатиб турибди. ИИВ Қашқадарё академик лицейи ҳам халқ манфаатларига хизмат қиладиган етук кадрларни тайёрлашга астойдил ҳаракат қилмоқда. Зеро, ватанпарвар ва фидойи ёшлар юрт таянчидир!

Ирода МУРОДОВА,

лицей ўқитувчиси.