Чирчиқлик «ёвуз сеҳргар»

  • 15:07
  • 09,07-2019
  • 500
  • Улашинг

Болалигимизда бошига мушкул савдо тушган эртак қаҳрамонларининг қаршисида сеҳргар пайдо бўлиши, муаммони ҳал этишга кўмаклашиши ҳақида кўп ўқиганмиз. Чирчиқлик Фарҳод Собитов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам гўё ўша эртаклардагидек керакли жойда, керакли вақтда пайдо бўларди. Аммо у фуқароларга ёрдам бериш ўрнига, худди ёвуз сеҳргар каби уларни алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, моддий манфаат орттирарди.

...Россия Федерацияси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариб юборилган Мафтуна Амирова мазкур тақиқни қандай олиб ташлаш ҳақида бош қотириб юрарди. Суҳбат асносида муаммосини Фарҳодга айтди-ю, гўё ечими топилди-қолди.

— Бундан осон иш борми, — деди йигит бамайлихотир. — Ташқи ишлар вазирлигида танишим бор, муаммоингизни бир деганда ҳал қилади. Фақат озроқ харажати...

— Харажатидан қочмайман, фақат тақиқ олиб ташланса бўлди, — деди аёл умидли нигоҳлар билан Фарҳодга термуларкан. — Айтганча, Кореяга жўнатадиган танишларингиз йўқми?

— Бор, – деди яна Фарҳод киприк қоқмай. — Ўша танишим Кореяга ҳам жўната олади, қўли жуда узун одам.

Йигитнинг гапларига лаққа тушган аёл орадан кўп ўтмай, у айтган 4900 АҚШ доллари миқдоридаги пулни қўшқўллаб тутқазди...

Таниши Фаридага қарз бериб, ололмасдан хуноб бўлиб юрган Дилдора ҳам, нима жин урди-ю, тасодифий учрашув пайтида Фарҳодга дардини тўкиб солди.

— Мен ички ишлар органида ишлайман, келинойи, бу масалани бир зумда ҳал қиламан.

— Вой, укажон, шу пулни ундириб беринг, иложи бўлса, тезроқ.

Аёлнинг соддалиги йигитга қўл келди. Қарзни тезда ундириш мумкинлигини айтиб, қарздор ҳақидаги маълумотларни олди. Орадан кўп ўтмай, Фариданинг ҳузурида пайдо бўлган «cеҳргар» унга устидан ички ишлар органига шикоят тушганини айтди. Қисқа суҳбатдан сўнг унинг ҳам ишончига кириб, 2000 АҚШ доллари миқдорида пул олди. Ўша пулдан 400 долларини Дилдорага бериб, Фаридага даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ёздириб олишни ҳам унутмади...

«Ҳожатбарор сеҳргарнинг навбатдаги ўлжа»си С. Худойбердиев бўлди. Унга уй сотишда кўмаклашишини айтиб, коммунал тўловлардан қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномаларни тўплаш учун уй ҳужжатларини олади. Шундан сўнг арзонроқ уй сотиб олиш ниятида юрган Моҳира билан учрашади. Бир хонали уйи борлигини, 6000 АҚШ долларига сотишини айтиб, унга уй ҳужжатларини кўрсатади. Сўнгра гаров пули тариқасида ундан 1500 АҚШ доллари олади.

Табиийки, олган пулларини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган Фарҳоднинг устидан ички ишлар органларига кетма-кет аризалар тушади. Юзлаштирилган гувоҳлар, келтирилган далиллар олдида «ёвуз сеҳргар»нинг ўз қилмишини тан олишдан бошқа чораси қолмади.

Фирибгар-ку, қонунда белгиланган жазосини, албатта, олади. Аммо қандайдир муаммоларимизни ноқонуний йўллар билан ҳал этишга уриниб, бундай кимсаларнинг тегирмонига сув қўяётган ўзимиз эмасми?! Шу ҳақда танамизга бир ўйлаб кўрсак, кўрган-кечирганларимиздан тўғри хулоса чиқарсак, фойдадан холи бўлмасди.

Шерали МУСАЕВ,

лейтенант.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

журналист.

Тошкент вилояти.