Назария ва амалиёт уйғунлиги

  • 11:06
  • 14,06-2019
  • 595
  • Улашинг

Ички ишлар, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия қўмондонлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг қўшма қарори билан Урганч шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида вилоят ички ишлар органлари ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари ташкил этилди.

Тўлиқ реконструкция қилинган бинода иш бошлаган мазкур курсларда асосий эътибор ички ишлар органлари ходимларининг Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари ва ҳарбий хизматчилар билан ўзаро ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, уларнинг касбий маҳорати, жанговар шайлигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилди.

Ходимларни масофадан ўқитиш, ахборот-кутубхона хизматидан фойдаланиш, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини юксалтириш ҳамда белгиланган тартибда дам олиши учун барча шароитлар яратилган, – дейди вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Ботир Отажонов. – Ўқув курсларига энг тажрибали мутахассислар жалб қилинган бўлиб, улар назарий ва амалий машғулотларни уйғун ҳолда олиб боришади.

Ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари биносининг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг раҳбарлари, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда фахрийлар иштирок этишди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.