Анъанага содиқ ходим

  • 12:06
  • 10,06-2019
  • 131
  • Улашинг

Катта лейтенант Илҳомжон Турғунов Тош­лоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида катта суриштирувчи бўлиб ишлайди. Бу соҳа унга – ота касб.

 – Бобом, полковник Ҳошимжон Турғунов узоқ йиллар ички ишлар органларининг турли лавозимларида ишлаб, эл-юрт осойишталигига муносиб ҳисса қўшган. Кейинчалик бобомнинг касбини амаким ва дадам давом эттирди. Бугун эса сулоламизнинг учинчи авлоди сифатида мен ҳам ички ишлар органларида фаолият юритяпман, – дейди И. Турғунов.

Дарҳақиқат, сулола асосчиси, полковник Ҳошимжон Турғунов ҳақиқий фидойи инсон эди. У Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида, Андижон шаҳридаги ички ишлар бўлинмасида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган. Кейинчалик Ички ишлар вазирлигининг Фарғонадаги малака ошириш марказига раҳбар этиб тайинланди. Ундан сўнг Қўқон шаҳар ИИБни узоқ йиллар бошқарди.
1983 йилда эса вилоят ИИБдан полковник махсус унвони билан нафақага кузатилди.

Ҳошимжон Турғуновнинг икки нафар ўғли – Ҳусанбек ва Тойиржон ҳам ота изидан борди. Ҳусанбек Турғунов 1975 йилдан 1996 йилгача ички ишлар органларининг энг масъулиятли соҳаси бўлган жиноят қидирув хизматида ишлади. Узоқ йиллар Тошлоқ тумани ИИБда шу йўналишда фаолият кўрсатиб, майор махсус унвони билан нафақага чиқди.

Тойиржон Турғуновнинг фаолияти эса жамоат тартибини сақлаш хизмати билан чамбарчас боғлиқ. Мазкур хизматда турли лавозимларда ишлаб, катта амалий тажриба тўплаган
Т. Турғунов сўнгги йилларда Фарғона вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБга раҳбарлик қилди. Бир неча йил бошқарма бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатиб, 2014 йилда подполковник махсус унвони билан нафақага чиқди.

Унинг фарзанди катта лейтенант Илҳомжон Турғуновда бобоси ва отасидаги қатъият, фидойилик, касбига садоқат яққол намоён бўлмоқда.

– Ўғлим Илҳомжонга доим «Шу соҳага кирдингми, ҳақиқий ватанпарвар бўлишинг керак. Бобонг ҳам шундай бўлган, ҳеч қачон юзимизни ерга қаратма», дея насиҳат қиламан. Шукрки, у ишончимизни оқлаб, намунали хизмат қилмоқда, – дейди фахр билан Т.Турғунов.

 Фарғонада ички ишлар органларининг энг фидойи инсонларидан бири бўлган полковник Ҳошимжон Турғуновнинг номи абадий барҳаёт. Чунки унинг сулоласи ҳамон эл-юрт хизматида.

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postdа» мухбири.

Суратда: Турғуновлар сулоласи вакиллари.