Хайрли ишлардан ҳамма миннатдор

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 347
  • Улашинг

– Сектор ҳудудидаги 15 та маҳаллада 48 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Балиқчи тумани ИИБ бош­лиғи, 3-сектор раҳбари, подполковник Сардорбек Умаров. – Ҳудудда 2 та касб-ҳунар коллежи, 16 та умумтаълим мактаби ва 12 та мактабгача таълим муассасаси бор. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш мақсадида мактаб ва коллежларда турли тўгараклар, спорт секциялари фаолият юритмоқда.

Аҳоли хонадонларини уйма-уй айланиб чиқиш, индивидуал суҳбатлар ўтказиш чоғида турар жой, табиий газ, электр, ичимлик суви, суюлтирилган газ баллонлари таъминоти билан боғлиқ 939 та муаммо аниқланди. Шунинг­дек, одамлар ишга кириш, фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, банклардан кредит олиш ҳамда моддий ёрдам ажратилиши масаласида ёрдам сўрашган. Муаммоли масалаларнинг аксарият қисми, аниқроғи, 888 таси ижобий ҳал қилингани эътиборга моликдир.

Фуқаролар эҳтиёжини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида маҳаллаларда ҳар ҳафта жадвал бўйича сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Ушбу қабуллар чоғида турли кўринишдаги 190 та муаммо аниқланиб, уларнинг кўпчилиги жойида ҳал этилди.

Ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш йўлида муайян тадбирлар амалга оширилди. Йил бошидан буён икки марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда тумандаги 35 та ташкилот ва корхона қатнашиб, 380 та вакант ўринларни таклиф этди. Ярмарка давомида 315 киши иш билан таъминланди. Айни пайтда сектор ҳудудида 741 нафар ишсиз йигит-қиз қайд этилган. Шу сабаб ҳозирда янги иш ўринларини яратиш бўйича тегишли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Манзилли ёрдам кўрсатиш сектор ишчи гуруҳининг устувор вазифаларидан биридир. Мисол учун, Яккатут маҳалласида яшовчи Мусахон Солиева Андижон давлат тиббиёт институти шифохонасида даволаниш учун йўлланма олди. Оққўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Равшанбек Қодиров имтиёзли кредит олиб, асаларичилик билан шуғулланмоқда. Яккатол маҳалласидан Назирахон Бобоева ҳам имтиёзли кредитга эга бўлиб, маҳаллада тикувчилик устахонасини очди. Ҳозир бу ерда ўнлаб хотин-қиз меҳнат қилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудуддаги 400 дан ортиқ фуқаро «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида имтиёзли кредит олишга эришди.

Сектор маҳаллаларида 42 километрлик қишлоқ йўллари таъмирдан чиқарилди. Гўравон маҳалласида 1,2 километр узунликдаги водопровод ўтказилганидан сўнг 45 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди.

– Сектор ҳудудида жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга камайган, – дейди туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, 3-сектор масъул котиби, майор Иномжон Ибрагимов. – Афсона, Эски марказ, Аралхон, Серқуёш, Гўравон, Матонат, Каттабулоқ каби маҳаллаларда биронта ҳам жиноят содир этилмаган. Бунда ҳудудий профилактика инспекторлари – капитан Усмонжон Арапов, катта лейтенантлар Жасурбек Давронов, Элмурод Мансуров, лейтенантлар Азамат Жумабоев, Улуғбек Олтибоев, Аброр Раҳмонов ва Моҳирбек Аҳмаджоновларнинг ҳиссаси катта.

«Хавфсиз ҳудуд» концепциясини амалга жорий этиш мақсадида бозорлар, дам олиш жойлари, тиббий муассасалар, ўқув масканлари, кўп қаватли уйлар, ташкилот ва корхоналар, ёқилғи қуйиш шохобчалари, кўча ва чорраҳаларга кузатув камералари ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Борис КЛЕЙМАН.

Андижон вилояти.

Муаллиф олган суратлар.