Барчинойлар бордир бу юртда

  • 11:09
  • 09,09-2019
  • 932
  • Улашинг

Шарқ халқлари қадимдан нафақат мард, жасур ва ватанпарвар ўғлонлари, балки шижоат ва довюракликда йигитлардан асло қолишмайдиган ор-номусли қизлари билан ҳам донг таратган. Асрлар ўтса-да, Барчиной, Тўмарис ва бошқа афсонага айланган кўплаб момоларимизнинг шон-шарафга тўла ҳаёти, юрт озодлиги йўлидаги қаҳрамонликлари ҳануз опа-сингилларимизга ибрат бўлмоқда.

Эътироф этиш лозимки, бугун ҳам уй-рўзғор юмушлари билан бир вақтда, эл-юрт осойишталиги, фуқароларнинг тинч-тотувлиги ҳамда аҳоли фаровонлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилаётган хотин-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири Тошкент вилояти ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, подполковник Шаҳноза Содиқовадир.

Шаҳноза Тошкент вилояти давлат педагогика институтини тамомлагач, Оҳангарон шаҳридаги 1-мактабда бир муддат ўқитувчилик қилди. Ўқувчиларга сабоқ бераркан, топшириқларни бажара олмаган ёки дарсга тайёрланмай келган болаларнинг оилавий аҳволи билан қизиқди. Уларнинг уйига бориб, ота-онаси билан гаплашишдан, фарзанд таълим-тарбиясини эътиборсиз қолдириш тузатиб бўлмас хатоларга олиб келишини тушунтиришдан эринмади.

Ўсмир нима учун жиноят кўчасига киради? Нега айрим ота-оналар ўз фарзандларининг келажагига бефарқ? Оҳангарон шаҳар ИИБда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инс­пектори лавозимида хизмат қиларкан, шу каби саволларга жавоб топишга интилди. Кейинчалик катта инспектор, вилоят ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасида инспектор, муҳим топшириқлар бўйича инспектор лавозимларида хизмат қилган Ш. Содиқова ўз устида тинимсиз ишлаб, соҳага оид билимларини оширишга, етарли даражада тажриба ва малакага эга бўлишга интилди.

– Жорий йил июнь ойининг бошида Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи чоғида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, оилалардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида Бухоро вилояти тажрибаси асосида Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий қилинган эди, – дейди Шаҳноза Содиқова. – Бунга қадар ички ишлар органлари тизимида аёллар билан ишлайдиган алоҳида йўналиш йўқ эди. Жойлардаги хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ҳамкорлигида оилаларга кириб боришимиз ушбу лавозимнинг жорий этилиши нақадар тўғри эканлигини кўрсатмоқда.

Бу жараёнда шунчаки кўнгил сўраш эмас, балки уларнинг дардини тинглаб, ечим кутаётган муаммоларини ўрганиб, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ҳал этилишига кўмак беряпмиз. Нафсиламрини айтганда, олдинлари хотин-қизларнинг дарди ва муаммолари умумий йиғилишларда сўраларди. Маълумки, ўзбек аёллари кўпчиликнинг олдида ўз дарди ва муаммоларини айта олмайди, истиҳола қилади. Ҳозир эса хонадонма-хонадон юриб, улар билан юзма-юз мулоқотлар чоғида бизни ўзларига яқин сирдош санаб, ҳеч кимга айта олмаган дардлари билан ўртоқлашаётгани, муаммоларига ечим топаётгани барчамизни руҳлантирмоқда...

Энг қувонарлиси, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёлларнинг оилаларига кириб боришимиз эрни ҳушёр торттиришда муҳим ўрин тутаётганидир. Зўравон эркаклар хотинларининг ҳимоячиси борлигини ҳис этиб, уларга муомаласини ижобий томонга ўзгартиришида бу саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти беқиёс бўлаётир. Зеро, ота-она ўртасидаги арзимас дилхиралик ҳам фарзандларни оиладан бездиради. Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади, деганларидек, болаларнинг орзу-умидлари, таълим-тарбиясида ҳам оилавий жанжалларнинг олдини олиш муҳим ўрин тутади.

Айтиш керакки, Тошкент вилояти ИИББ ташаббуси билан йўлга қўйилган Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш сайёр ишчи гуруҳи таркибидан вилоят ҳокимлиги Бандлик бош бошқармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйи­ча вилоят кенгаши, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бош­қармаси, вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бош­қа қатор ташкилотлар ўрин олган. Ишчи гуруҳга алоҳида автобус, шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун зарур шароитларга эга бўлган замонавий автобус ажратилган.

Ишчи гуруҳ вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам мақсадли фаолият олиб бораётганини хотин-қизлар хурсандчилик билан кутиб олмоқда. Масалан, яқинда ишчи гуруҳ томонидан, дастлаб, Янгийўл туманидаги 39-умумтаълим мактабида бошланиб, сўнгра туманнинг чекка ҳудудларига сайёр юриш билан давом этган қабул ўтказилди. Сайёр қабул давомида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, аҳолининг турли масалалардаги мурожаатлари кўриб чиқилди. Жумладан, «Умид» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолининг 54 та мурожаати тингланиб, уларнинг 34 таси жойида ижобий ҳал этилди. 20 та мурожаат бўйича эса тегишли чора-тадбирлар ва муддатлар белгиланди. Шу билан бирга, тадбирга жалб этилган тиббиёт ходимлари томонидан ёш болали аёллар, хотин-қизлар ва кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган 33 нафар фуқаронинг саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилди.

Эътиборли жиҳати, ишчи гуруҳ сайёр қабулда иштирок этолмаган, ногирон шахслар, ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизларнинг хонадонларига ҳам ташриф буюриб, уларнинг яшаш шароитларини яқиндан ўрганди. Хусусан, Янгиобод кўчасида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар К. Раҳмонова, М. Назарова ва О. Шералиеванинг хонадонларида бўлиб, оилавий аҳволларини ўрганиш натижасида вақтинча ишсизликлари ҳамда оилада турли ижтимоий муаммолар борлигига эътибор қаратилди. Аниқланган барча муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди ва уй-жойга муҳтож ушбу оилаларга туманда барпо этилаётган намунали уй-жойлардан олиш учун зарур тавсия ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Сайёр қабуллардан кўзланган асосий мақсадлардан яна бири хотин-қизларнинг банд­лигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунарманд­чиликка кенг жалб этиш ва шу орқали юртимизда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг олдини олиш, уларни оилага ва соғлом турмуш тарзига қайтаришдан иборатдир.

– Хизмат жараёнида турли тоифадаги хотин-қизлар билан мулоқотда бўлишга тўғри келади, – дейди Тошкент вилояти ИИББ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими катта инс­пектори, лейтенант Моҳира Собирова. – Шаҳноза опанинг ҳар бир хотин-қизнинг дардини юракдан ҳис қилиб, муаммоларига астойдил ечим излаши, куюнчаклиги, касбга садоқати бизга ўрнак бўлмоқда. Қўл остидагиларга нисбатан ғамхўр, уларнинг шароитини тўғри тушунадиган, аммо пайти келганда, талабчанлиги жамоамизнинг аҳил ва иноқлигини таъминлаб, бизни хизматга фидойилик билан ёндашишга ундайди. Ўзининг интилувчанлиги ва ташаббускорлиги сабабли ҳар бир ходим Шаҳноза опага ўхшашни истайди.

Дарҳақиқат, фидойи инсоннинг хизматлари нафақат шогирдлари ва ҳамкасблари томонидан эътироф этилади, балки давлатимиз томонидан ҳам муносиб рағбатлантирилади. Подполковник Шаҳноза Содиқованинг мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига биноан, «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани фикримизнинг яққол далилидир.

Шаҳноза оиладаги 8 нафар фарзанднинг энг кенжаси. Отаси Ҳошимжон ака она тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб, узоқ йиллар мактаб директори лавозимида фаолият юритди. Кейинчалик қишлоқ фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлади. Ҳозир невара-чеваралари қуршовида кексалик гаштини суряпти. Онаси Равшаной опа эса бир неча йиллар мактаб кутубхонасига мудиралик қилган.

1984 йилнинг 18 октябрь санаси бу хонадондагилар қалбида ўчмас доғ қолдирди: оиладаги уч ўғилнинг бири бўлган Баҳодир Содиқов 25 ёшда эди. Россиядаги ИИВ Олий мактабини битириб, Оҳангарон тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакили лавозимида хизмат қиларди. Шу куни Оҳангарон шаҳридаги омонат касса филиалига уч нафар қуролланган номаълум шахс ҳужум қилади. Улар катта миқдордаги пулни ва инкассаторнинг қуролини олиб, воқеа жойидан яширинади. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида жиноятчиларнинг яширинган жойи аниқланади. Босқинчиларни қўлга олиш чоғида улар қуролли қаршилик кўрсатишади. Отишма пайтида ички ишлар органлари ходимлари, қасамёдига содиқ она юртимизнинг мард ва жасур фарзандлари – лейтенант Баҳодир Содиқов, катта лейтенант Леонид Ким ҳамда сержант Рустам Азимбоев қаҳрамонларча ҳалок бўлади. Улар вафотидан сўнг ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Бундан ташқари, номлари ўзлари ўқиган мактаб ва кўчаларга берилиб, абадийлаштирилди. Фарзанд доғи қандай бўлиши, онасининг аламли изтиробларини кўрган Шаҳноза ўшанда
9 ёшда эди. Давлатимизнинг юксак мукофотини олиш чоғида мана шу воқеалар бирма-бир хаёлидан ўтаркан, кўзларида севинч ва армон ёшлари ҳалқаланди...

Шу топда у акасининг шарафли ишини давом эттираётганидан, юрт осо­йишталиги йўлида у сингари мардликни ўзига шиор қилиб олганидан қалбида ғурур ҳиссини туйганлиги, шубҳасиз...

Йиллар ўтаверади. Халқ осойишталиги учун азиз жонини фидо қилишга тайёр жасур Ватан фарзандлари, тинчлик йўлида кўкси қалқон Алпомишкелбат ўғлонлару Барчинсифат қизларнинг номлари бугунги ва келажак авлодга ҳаёт ва умрнинг мазмун-моҳияти нимада эканлигидан сабоқ бераверади.

 

Шерзод АБДУСАМАДОВ.

Содиқ ҲАКИМОВ

олган сурат.