Тиғ яраси битади...

  • 10:06
  • 24,06-2019
  • 1006
  • Улашинг

«Тирикчилик – тошдан қаттиқ» дейишади. Арофат (воқеа иштирокчиларининг исмлари ўзгартирилди) 18 ёшида ўз кунини ўзи кўриш учун Тошкентга келган эди. Қўлида тайинли ҳунари бўлмагани учун пойтахтдаги турли ошхоналарда ишлаб юрди. Кейинги пайтларда «Абу Сахий» бозоридаги ошхоналардан бирида ишларди.

Ўтган йили август ойида ул-бул харид қилгани «Янгиобод» бозорига тушганида, Абдуҳамид исмли киши билан танишиб қолди. Кўп ўтмай ўзи ижарада турган уй эгаси: «Синглим, мен уйни сотмоқчиман. Шунинг учун ўзингга бошқа бошпана топ», деди. Шунда дарҳол эсига Абдуҳамид тушди. Унга қўнғироқ қилиб, ижарага уй топишга ёрдамлашишини сўради.

– Ўзим ҳам бировнинг хонадонида ижарада тураман. Уй эгаси рози бўлса, мен билан бирга турасизми? Ижара пули ҳам тўлаб ўтирмасдингиз, – деб сўради таниши.

Арофат узоқ ўйлаб ўтирмай рози бўлди. Чунки қиличини қайраб қиш яқинлашмоқда эди. Аёзли, изғиринли кунларда кўчада қолиши мумкинлигини кўз олдига келтириб, рози бўлишдан бошқа иложи йўқдай туюлди. Шундай қилиб Абдуҳамид билан ноқонуний никоҳдан ўтиб, бирга яшай бошлади.

Балки, ҳаёт шу зайлда давом этаверса, ҳеч қандай кўнгилсизлик юз бермасмиди. Лекин айни қиш бошланган кезлари Абдуҳамиднинг дангасалик «касали» тутиб қолди. Бўлмаса қўлида гулдай ҳунари бор эди – уйларни таъмирлаш билан шуғулланарди. Ўз ишини пухта билгани, сифатли бажаргани учун насибага яраша мижозлар чиқиб турарди. Аммо аста-секин хотини топиб келган пулга кун кечиришга, ҳатто ялло қилишга кўника борди.

Шу йилнинг 10 февраль куни кечки соат саккизларда Арофат ишдан ҳориб қайтаётиб, турли егуликлар сотиб олди. Шу топда аёл боши билан рўзғор юкини кўтариб юргани алам қилиб кетди. Кечки пайт бу ҳақда эри билан хотиржам гаплашиб олишга қарор қилди. Лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Эр-хотиннинг зиёфатига шерик бўлган уй эгаси ўз хонасига чиқиб кетгач, Арофатнинг дилида неча ойдан бери тўпланиб ётган алами тилига кўчди:

– Сиз қачонгача уйда бекор ўтирасиз? Бошқа эркакларга ўхшаб мундоқ ишлаб, пул топиб келсангиз бўлмайдими?

– Менга ақл ўргатма! – деб бақириб берди унга Абдуҳамид. – Сенинг маслаҳатингга зор эмасман.

Хотини гапдан қолмагач, унинг дуч келган жойига мушт тушираверди. Рўзғор теб­ратгани етмагандай яна боқиманда эридан калтак егани баттар алам қилиб, Арофат жаҳл устида столда турган пичоқни олиб, шартта Абдуҳамиднинг қорнига тиқиб олди. Абдуҳамид қорнини чангаллаб қолди. Буни кўриб қўрқиб кетган Арофат эрини ётқизиб, жароҳатланган жойига йод суриб, бинт билан боғлаб қўйди. Қон тўхтагач:

– Ҳозир сизни шифохонага олиб бораман, – деди. Аммо Абдуҳамид унамади:

– Касалхонага борсак, шифокорлар ички ишлар органига хабар беришади. Кейин сенга яхши бўлмайди, – деди.

Арофат эртаси эрталаб эрининг жароҳатини кўздан кечирди. Қон оқмаётганига ишонч ҳосил қилгач, хотиржам тортиб, ишга отланди. Лекин ярим йўлга борганида, кўнгли ғаш бўлиб кетаверди. Эридан хавотир олиб, изига қайтди. Уйга келса, Абдуҳамид қорнини чангаллаб, букчайганча ётибди.

Бу сафар Арофат эрини мажбурлаб таксига ўтқизиб, Рес­публика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борди. Абдуҳамид «Шифокорларга йиқилиб тушиб жароҳат олдилар деб айтгин», деб тайинлаганига қарамай, тўғрисини гапириб берди.

Ушбу ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида Арофат айбига тўлиқ иқрор бўлди. Абдуҳамиддан кечирим сўради.

– Қилган ишимдан чин кўнглимдан пушаймонман. Эримни яхши кўраман. Сизлардан илтимос, мени қамаманглар, енгилроқ жазо беринг­лар, – деб ялинди.

Жабрланувчи ҳам сўз олиб:

– Хотинимга ҳеч қандай даъвоим йўқ. Уни яхши кўраман. Сизлардан илтимос, хотинимни қамаманглар, – деб сўради.

Судга раислик қилувчи айбдорга нисбатан ҳукм чиқаришда барча ҳолатларни ҳисобга олди, адолат тарозисида тортиб кўрди. Арофат айбига тўлиқ иқрор бўлиб турарди. «Эгилган бошни қилич кесмас» дей­дилар. У муқаддам судланмаган, бунинг устига аёл киши эди, жиноятни очишга фаол ёрдам берганди. Қолаверса, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқ эди. Буларнинг барчаси енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлиб, фақат жиноятнинг мастликда содир этилганигина оғирлаштирувчи ҳолат эди. Бунинг устига жамоатчилик ҳимоячиси судланувчини кафилликка олишни истамасди. Лекин айни пайтда унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо беришни сўрарди.

Судья вазият чигал бўлгани учун ҳукм чиқариш масаласида анча ўйланиб қолди. Айбдорнинг қилмиши, яъни қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасида озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган эди. Охири Арофатни жамиятдан ажратмаган ҳолда ҳам қайта тарбиялаш мумкин, деган хулосага келди. Шу боис унга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Иш сайёр суд мажлисида кўриб чиқилганини ҳисобга олсак, Абдуҳамид ҳам, Арофат ҳам маҳалла-кўй олдида бир-бирини яхши кўришига иқрор бўлиши ўрталарида ҳақиқатан ҳам меҳр-муҳаббат ришталари борлигини кўрсатарди. Энди улар ўрталаридаги муносабатларни қонунийлаштиришса, қийин дамларда бир-бирини аяса, суяса, тиғ жароҳати битиб кетади. «Жаҳл чиқса, ақл кетади» дейишади. Арофат бир марта жаҳлига эрк бериб, ақлини йўқотди. Бунинг оқибатини бир умр унутмаса керак. Муҳими, Абдуҳамид дили яраланмаганини, Арофатни кечирганлигини қайта-қайта такрорлади. Аммо Арофат ўзини кечира олмаслигини айтди. Агар Арофат ҳам ўзини кечира олса, бирга яшай бошлашса, Абдуҳамид рўзғор юкини ўз елкасига олса, ҳеч нима кўрмагандай бўлиб кетишса ажабмас.

 

Қаҳрамон МИРСАФАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Тошкент шаҳар Яшнобод

туман суди судьяси.

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири.