Меҳр, ишонч ва таълим-тарбия йўлчи юлдуздир

  • 21:06
  • 26,06-2019
  • 614
  • Улашинг

Ҳар бир инсон ҳаётида унутилмас кунлар, умр дафтарига битиладиган воқеалар бўлади. ИИВ Академиясида ана шундай эсда қоларли битирув маросими бўлиб ўтди. Қадрдон таълим мас­канини тамомлаган ёшлар хизматга йўлланма олди.

Тантанали маросимда вазирлик раҳбарияти, соҳа фахрийлари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Б. Матлюбов йиғилганларни қувончли кун билан қутларкан, Президентимизнинг «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тизимда, жумладан, Академия фаолиятида ҳам сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берганини айтиб ўтди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Академиянинг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, биноларни таъмирлаш, ён-атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Бундан уч йил муқаддам Академия­нинг кундузги таълим йўналишига ўқишга қабул қилиниб, ушбу даргоҳда таҳсил олиш бахтига муяссар бўлган битирувчиларнинг юз-кўзларида акс этган қувончни сўзда ифода этиш қийин. Бундан ташқари, бир йил аввал ички ишлар органларидан ўқишга қабул қилиниб, Раҳбар кадрлар тайёрлаш факультетини битирганлар учун ҳам бу кун ҳақиқий тантанага айланди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, таҳсилни аъло баҳоларга якунлаган, спорт, маънавий-маърифий, жамоат тадбирларидаги фаол иштироки ҳамда хулқ-атвори билан тенгдошларига намуна бўлган бир нафар битирувчига «катта лейтенант» махсус унвони берилди. Таҳсил давомида янги авлод ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштириб, якуний синовлардан муваффақиятли ўтган йигит-қизлар «лейтенант» махсус унвонига эга бўлди. Шунингдек, Касбий тайёргарлик факультетида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ сафдор ходимларини махсус касбий тайёрлаш бўйича уч ойлик ўқув курсини тамомлаган тинг­ловчиларга «кичик сержант» махсус унвони берилди.

Тантанали маросимда иштирок этган Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р. Хатамов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганини эътироф этди. Вазир ўринбосари ёш офицерларнинг келгуси хизмат фаолиятига зафарлар тилаб, юртимизда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш ҳар бир ходимнинг чинакам инсоний бурчи бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлади.

Битирувчи Рустам Адҳамовнинг онаси Зулхумор Адҳамова сўзга чиқиб, ИИВ Академиясида ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши учун яратилган шароитлар учун ҳукуматимиз ва вазирлик раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, битирувчилардан Авзал Раҳматуллаев ва Муҳаб­бат Хидиралиева ҳам юксак ишончни келгусида фидойи хизматлари билан оқлашга тантанали ваъда берди.

Анвойи гулларни бағрига босиб, фарзандларини табриклашга ошиқаётган ота-оналарнинг қувончини кўриб, мана шундай тинч ва осуда юртда туғилганингизга шукрона келтирасиз.

– Неварам Тоҳиржоннинг камолга етганини кўриш бахти насиб этганидан қувончим чексиз, – дейди Наманган вилояти Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи Манзура ая. – Академиядаги шароитларни кўриб, кўзларим севинчдан ёшланди. Тан олиш керакки, айримлар уйида болаларига бундай шароитни яратиб бера олмайди. Ота-оналар ҳар доим фарзандлари олисда бўлганидан хавотир олади. Таълим масканини кўздан кечириб, ҳар қандай хавотир ортиқча эканини юракдан англадим. Неварам бошқа тенгдошлари қатори, бундай ғамхўрликни келажакда шарафли хизматлари билан оқлашига ишонаман.

Қувонч ва самимиятга йўғрилган дил изҳорларини жиззахлик Наргиза Қаршибоева, бухоролик Ҳомид Нуруллаев сингари кўплаб ота-оналардан ҳам эшитиш мумкин.

Ўш лейтенантлар жонажон Ватанимизнинг тинчлик-осойишталигини асрашдек масъулиятли хизматга йўл олди. Ота-она меҳри, юрт ишончи, фидойи устозларнинг таълим-тарбия­си уларни доимо тўғри йўл – зиммаларига юклатилган вазифаларни сид­қидилдан бажаришга ундаши аниқ.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Postda» мухбири.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.