Тасаввур қилинг,  сизни камера кузатмоқда

  • 12:08
  • 14,08-2019
  • 334
  • Улашинг

Яқинда танишим бир воқеани сўзлаб берди. У автомашинасини бошқариб бораётиб, йўл ҳаракати қоидасини бузибди. Табиийки, Йўл-патруль хизмати инспектори уни тўхтатибди. Ўзини таништиргач, қоидани бузганлигини айтиб, ҳужжатларини тақдим қилишни сўрабди.

Оғайним давлат идорасида ишлагани боис, аввалига хизмат гувоҳномасини кўрсатиб:

– Командир, хизматчилик, келинг, бир сафар кечиринг, шошиб турувдим, – дебди.

– Ҳурматли фуқаро, мен ҳам худди сиз каби хизматдаман, ўз вазифамни бажаряпман. Ҳозир сиз светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб кел­япсиз. Тасаввур қилинг, эҳтиётсизлигингиз оқибатида тўқнашув содир этсангиз ёки пиёдани уриб юборсангиз нима бўлади!?

– Худо асрасин-ей, командир, ундай деманг.

– Э, ака, ахир, Худоям эҳтиёт бўлганни асрайман, деган. Сиз, аввало, ўзингизга эҳтиёт бўлинг.

Танишим жаримадан қутулиб қолиш учун ЙПХ инспекторига роса ялиниб-ёлворибди, лекин...

Инспектор ручкасини олиб баённома расмийлаштира бошлабди. Шунда у инспекторнинг қўлига тармашиб:

– Жон командир, ёзманг, илтимос, бизда ҳам яхшилигингиз қолиб кетмас, – дея ялина бошлабди.

Сабр косаси тўлган инс­пектор:

– Ҳурматли фуқаро, агар ҳозир менда «Body camera» бўлганида нима қилардингиз? – деб сўрабди.

– Ҳеч нарса қила олмас эдим, чунки у орқали кузатиб турган бўлишади-да.

– Энди тасаввур қилинг, сизни «Body camera» кузат­япти.

Танишим ана шундан ке­йингина, нима иш қилиб қўйганини тушунибди ва инспекторнинг ҳалол, қатъиятли эканига тан бериб, тилини тишлабди. Шу-шу доим йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиб юрадиган бўлибди.

Қиссадан ҳисса шуки, ҳар ким қонун-қоидага амал қилса, аввало, ўзини ҳимоялаган бўлади ва ҳеч кимнинг олдида боши эгилмайди.

Сарвар СОБИРОВ,

«Postda» мухбири.