«Дунёни бeрайлик болажонларга!»

  • 10:06
  • 17,06-2019
  • 585
  • Улашинг

Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти томонидан Қибрай тумани халқ таълим бўлимига қарашли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида «Дунёни берайлик болажонларга!» шиори остида хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида намойиш этилган институт фахрий қоровулининг кўргазмали чиқиши ҳамда курсантларнинг қўл жанги усуллари намойиши болаларда катта таассурот қолдирди. Қолаверса, таълим муассасаси қошидаги «Алвон беретлар» бадиий ҳаваскорлик ансамбли аъзолари ва хушовоз эстрада хонандаларининг шўх қўшиқларига болажонлар мириқиб рақсга тушдилар.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қаторида шу мактабни тамомлаган, 2018 йилда Хитойда ўтказилган оғир атлетика бўйича паралимпия ўйинлари ғолиби Рўза Қўзиева ҳам иштирок этди. Қадрдон даргоҳда таълим олаётган болалар билан суҳбатлашган чемпион уларни эзгу мақсадлар сари курашишдан ҳеч қачон тўхтамасликка чақирди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари ҳам қатнашиб, улар томонидан болаларга қимматбаҳо совғалар улашилди, мактаб кутубхонаси учун 200 та китоб туҳфа қилинди.

– Юртбошимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида ёшлар ўртасида китобхонлик, илм-фан ва спортни ривожлантириш каби мақсадлар илгари сурилди. Ўйлаймизки, кўзланган мақсадга эришдик, – дейди Ҳарбий-техник институт батальон командирининг ўринбосари У. Уразметов.