Болалар ҳуқуқлари: Миллий ва халқаро нормалар

  • 11:05
  • 27,05-2019
  • 467
  • Улашинг

 

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли субъекти бўлиб, жамиятнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож қатлами бўлмиш болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари умум-жаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва бошқа умумэътироф этилган халқаро шартномаларни тан олди, уларга амал қилиб келмоқда.

Жумладан, 2008 йилнинг 7 январида «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун боланинг яшаш ҳуқуқи, индивидуалликка ва уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни, умуман, болаларнинг ҳаёти, эмин-эркин ўсиб улғайиши ва етук камолга етиши билан боғлиқ манфаатлари муҳофазасини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Маълумки, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси IV бўлими билан тартибга солиниб, XI-XIII бобларни ўз ичига олади. Мазкур кодекснинг XIII бобида эса ота-она ва болалар ўртасидаги мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий тартибга солинган.

Ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагича:

Биринчидан, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Ота-она ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглиги боланинг никоҳ давомида ёки никоҳсиз туғилишидан ёки эр-хотиннинг алоҳида яшашидан, оиладаги моддий мажбуриятларидан қатъи назар, бир хил амалга оширилади.

Иккинчидан, ота-она ўз болаларини тарбиялашда барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эгалиги белгиланган.

Учинчидан, ота-оналик ҳуқуқи болаларнинг манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Ота-она ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва бошқа қонунчиликда, халқаро шартнома ҳамда конвенцияларда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга амал қилишлари шарт.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланиши шак-шубҳасиздир. Шу боис ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш шакллари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда кўрсатиб ўтилган. Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 11-моддасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси ёки ўрнини босувчи шахслар томонидан таъминланиши белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида ҳам кичик ёшдаги болалари учун ота-оналар таълим турини танлашда имтиёзли ҳуқуққа эгалиги қайд этилган. Мус­тақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг «Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисида»ги конвенциясида ҳам оналар ва болаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳимояга бўлган ҳуқуқлари самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар бу йўналишда барча лозим ва зарур бўлган чора-тадбирларни, шу жумладан тегишли тузилмалар ёки хизматларни ташкил этиш ва таъминлаш чораларини кўришлари белгиланган. Унга кўра ҳеч кимга таълим олиш ҳуқуқи рад этилиши мумкин эмас. Аҳдлашувчи Томон маориф ва таълим бериш соҳасида ўз зиммасига олган ҳар қандай вазифани амалга оширишда ота-онанинг ўз фарзандларига уларнинг ўз эътиқодлари ва миллий анъаналарига мос таълим берилишини таъминлаш ҳуқуқини ҳурмат қилиши кераклиги акс этган.

Болалар ёшлиги, қабул қилиш қобилияти ривожланиши, унинг ҳали мус­тақил ҳаётга тайёр эмаслиги туфайли улар ҳар томонлама ғамхўрлик ва ҳимояга, шу билан бир қаторда ҳуқуқий ҳимояга муҳтож. Бола билим олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ Ўзбекис­тон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида, «Таълим тўғрисида»ги ва бошқа қонунларда белгиланган.

Юқоридаги мисоллардан ота-онанинг вояга етмаган фарзанди олдидаги ота-оналик масъулияти нафақат оила қонунчилиги билан, балки халқаро шартномалар орқали ҳам тартибга солинади, деган хулоса келиб чиқади. Ота-она ва фарзандлар ўртасида юзага келувчи ҳуқуқий муносабатлар таркибида шахсий номулкий ҳуқуқий муносабатлар ажралиб туради. Бола тарбияси ота-онанинг шахсий ҳуқуқий муносабатларининг асосий объектларидан биридир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига кўра, ота-­оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилмаслиги баён этилган. Ота-она алоҳида яшаётган бўлса, болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланиши, агар келишув бўлмаса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этиши белгиланган. Ота-она ва боланинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари барча ривожланган мамлакатларда белгиланган демократик тамойилларга асосланади. Ота-онанинг болаларга таълим-тарбия беришга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлари муҳим аҳамиятга эга. Болаларни вояга етгунларига қадар тарбиялаш мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида белгиланган. Болага тарбия бериш ота-онанинг шахсий ҳуқуқи ҳисобланиб, боланинг камол топишида ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш ва зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришда тенг масъу­лиятлидирлар.

«Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ Конвенциясининг 18-моддаси 1-бандига биноан ушбу мажбурият, уларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар, ота-она учун умумий ва мажбурийдир. Шунга кўра, ота-она вояга етмаган ўз болаларининг тарбияси ва келажаги учун жавобгар ҳисобланиб, соғлиғи, ахлоқи, жисмоний ва руҳий камолоти учун ғамхўрлик қилиши шарт.

Ота-оналар ота-оналик ҳуқуқларини боланинг манфаатларига зид тарзда амалга оширсалар оилавий-ҳуқуқий, фуқаролик-ҳуқуқий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин. Оилавий-ҳуқуқий жавобгарлик ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уни чеклаш каби оқибатларга олиб келади.

Бундан ташқари, мамлакатимиз бола ҳуқуқларини таъминлашда «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги ҳамда «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пактларда мустаҳкамланган меъёрларга таянади. Шу билан бирга, БМТнинг вояга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга доир минимал стандарт қоидалари (Пекин қоидалари), БМТнинг вояга етмаган болалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган дастурий принциплари (Ар-Риёд дастурий принциплари) ва бошқа тавсиявий ҳужжатлари одил судлов соҳасида бола ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликни такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

Жумладан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2019 йил
11 февралдаги «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ижтимоий етимликни янада камайтириш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Шу мақсадда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан биргаликда
2019 йил 1 июнга қадар муддатда Вазирлар Маҳкамасига болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилаётган (патронат) васий ва ҳомийликка номзодларни, фарзандликка олаётганлар ва оилавий болалар уйларининг тарбияловчи ота-оналарини танлаш ва кузатиб бориш тизимини такомиллаштириш ва бошқа бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 22 апрелида давлатимиз раҳбарининг «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

  ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган, васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади;

  болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади;

  болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди;

  14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли;

 болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.

Қарорга мувофиқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудс­ман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилади.

Хулоса қилиб айтганда, миллий қонунчилигимиз ва давлатимиз қўшилган халқаро ҳужжатлар, ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, миллий, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, соғлиғи ҳолати, ота-онаси, қонуний васийларидан ёки бошқа бирон-бир вазиятлардан қатъи назар, мамлакатимизда яшаётган болаларнинг қонун ҳужжатларида кўзда тутилган барча ҳуқуқлари таъминланишини кафолатлайди.

 

Фируза МУҲИТДИНОВА,

Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори.