Боланинг бегонаси бўлмайди

  • 11:06
  • 03,06-2019
  • 513
  • Улашинг

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейи ўқувчилари пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 30-сонли Меҳрибонлик уйида хайрли тадбир ташкил этишди.

– Тадбир «Савоб ишни ҳар ким, қилиши керак, савоб ишни ҳар куни қилиши керак», деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодаси бўлди, – дейди ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейи директори, майор Фаррух Акмалов. – Айниқса, Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг иштироки уларнинг келгусида ўз бурчига виждонан ёндашиб, халқ манфаати йўлида хизмат қилишга ундайди.

Тадбирда лицейнинг иқтидорли ўқувчилари шеърлар айтиб, қўшиқлар куйлашди, кўргазмали чиқишлар қилишди. Меҳрибонлик уйи тарбия­ланувчилари ҳам ўзлари ёд олган шеърларни айтиб берди.

– Расм чизишга жуда қизиқаман, – дейди Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Фотима Умарова. – Маҳорат билан расм чизаётган ака-опаларимни кузатдим. Улар бизга рассомлик бўйича маҳорат дарси ўтишди. Энди чизган расмларим худди уларники каби янада гўзал ва нафис бўлишига ишонаман.

«Ўзбекистоннинг етти мўжизаси» шиори остида ўтказилган расмлар танлови, «Баркамол авлод вакилларимиз» деб номланган спорт мусобақалари, «Қувноқ стартлар» эстафета ўйинлари, «Адабиётга эътибор – келажакка эътибор» мавзусида ижодкор ўқувчилар, устоз педагоглар билан учрашувлар ва ёш ижодкорларнинг «Расмлар кўргазмаси» Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига совғалар топширилди.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

«Postda» мухбири.