Жаҳон чемпионларидан маҳорат дарслари

  • 11:05
  • 27,05-2019
  • 1242
  • Улашинг

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаб­бус ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Бокс федерацияси, Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш инс­титути ҳамкорлигида Учтепа туманида жойлашган Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида спорт акцияси ўтказилди.

 Тадбирнинг биринчи қисмида мактабнинг 300 нафар ўқувчиси иштирок этиб, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари Музаффар Юсупов ва Баҳодир Жалолов, Бокс федерацияси спортчилари Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев билан брифинг ташкил этилди. Унда ўқувчилар профессионал боксда фаолият кўрсатаётган «чарм қўлқоп» усталарининг муваффақиятга эришиш сирлари, ринг психологияси, катта спортда адолатсизлик ва мағлубият, инсон иродаси ҳамда тактик ҳаракатларда ақлнинг кучи, 2016 йилда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари, жаҳон чемпионатидаги учрашувлар ва «Uzbek tigers» жамоаси фаолияти ҳақидаги ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Шу билан бирга, брифинг якунида спортчиларга ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Ўзбекис­тонда спортни ривож­лантиришга қўшаётган ҳиссаси учун ташаккурномалар тақдим этилди. Шундан сўнг енгил атлетика бўйича мусобақада совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларга чемпионларимиз томонидан фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида мактабнинг спорт тўгараклари аъзо­ларига боксчиларимиз томонидан маҳорат дарс­лари олиб борилди.

 

Нозима МАҲМУДОВА,

лейтенант.