Дарёларинг ўзанига қайтган кун

  • 21:08
  • 16,08-2019
  • 831
  • Улашинг

Зарҳал билан битилгандир тарихга

Она халқим муродига етган кун.

Илҳом тошар сўз тополмам таърифга,

Дарёларинг ўзанига қайтган кун.

 

Қонсираган қилич кесган бошини

Беҳбудийлар “эрк” сўзини айтган кун.

Меҳрибон қўл артди халқнинг ёшини

Дарёларинг ўзанига қайтган кун.

 

Ўртанди дил − Фитрат, Чўлпон, Усмонинг,

Қодирийлар мангуликка кетган кун.

Булутлардан холи бўлди осмонинг

Дарёларинг ўзанига қайтган кун.

 

Парвозингни кўролмаган калхатлар

Маҳв этмак-чун ўзин тошдек отган кун,

Ёвларингга қалқон бўлди сарҳадлар,

Дарёларинг ўзанига қайтган кун.

 

Ўтмишларга айлангани чин бўлсин

Она халқим армон билан ўтган кун.

Аждодларим руҳи мангу тин олсин,

Дарёларинг ўзанига қайтган кун.

 

                                                                                Темир Қурбон