Дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 411
  • Улашинг

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни ободонлаштириш, янги ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, жойларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугун юртимизнинг энг чекка қишлоқ ва овулларида ҳам одамлар жамиятда кечаётган ижобий ўзгаришларни сезиб, буни бевосита ўзининг кундалик ҳаётида ҳис этиб яшамоқда.

Маълумки, Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 26 июнда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент вилоятининг мавжуд имконият ва салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланиб, ҳудудларни ободонлаштириш, саноат соҳасида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, бўш турган ва фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар негизида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш борасида бир қатор вазифалар белгиланди.

Тошкент вилоятининг Қибрай, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида саноат соҳасидаги инвес­тиция лойиҳаларини амалга ошириш ишларини тизимли ташкил қилиш мақсадида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожонов бошчилигида мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Мазкур ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида туманларда ишларнинг бориши, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилишлар ўтказилди.

Қибрай туманида ўтказилган йиғилиш аввалида туман ҳокими М. Мирқосимовнинг ахбороти тингланди. Кўтарилган ҳар бир масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ва туман ташкилотлари томонидан бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қибрай туманида 2019–2022 йилларда 41 та саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бироқ ушбу лойиҳаларни молиялаштириш бўйича тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши билан боғлиқ жараёнларда муаммолар мавжуд. Йиғилишда Марказий банк тегишли тижорат банклари билан биргаликда қисқа муддатда барча лойиҳалар бўйича кредит йиғма жилдларини тайёрлаб, кредит ажратиш чораларини кўриши ва ишчи гуруҳ раҳбарига ахборот бериши топширилди.

Муҳокамалар жараёнида ҳозирги кунда туманнинг кичик саноат зонасидаги 12 та лойиҳадан 9 таси бўйича ишлаб чиқаришни бошлаш учун электр тармоғига уланиш зарурлиги таъкидланиб, ҳудудий электр тармоқлари жамияти томонидан мазкур муаммони бартараф этиш юзасидан аниқ муддатлар белгиланди.

Тумандаги 9-сонли умумтаълим мактабида қўшимча 180 ўринли бино қуриш ва мавжуд биноларни капитал таъмирлаш белгиланган бўлса-да, молиялаштириш масаласи ҳали-ҳануз ҳал этилмагани, 4-сонли мактаб биносини реконструкция қилиш ишлари суст олиб борилаётгани, 3-сонли мактабда капитал таъмирлаш шу пайтга қадар бошланмагани кескин танқид қилиниб, масъул идоралар вакилларига қатъий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунинг­дек, ишчи гуруҳ раҳбари томонидан туманда «Обод қишлоқ» ва «Обод марказ» дас­турлари доирасидаги ишлар ижроси ҳамда қурилиш-муҳандислик коммуникацияларини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

БЎстонлиҚ туманида бўлиб ўтган йиғилишда туман ҳокими Ғ. Мадаминов туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудга хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм салоҳиятини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш борасида белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериб, мавжуд муаммоларни ўртага ташлади.

Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан туманда 2019–2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган 12 та саноат лойиҳасини молиялаштириш бўйича тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Туманнинг ижтимоий инфратузилмасини шакллантириш борасидаги ишлар ўрганилганида, ҳудудда давлат аҳамиятидаги ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларнинг маълум бир қисми капитал таъмирга муҳтож эканлиги алоҳида таъкидланди ва мутасадди идоралар вакилларига аниқ муддатлар белгиланган ҳолда тегишли топшириқлар берилди.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида туманнинг «Қоронкўл», «Алғабас» ва «Барраж» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларини ободонлаштириш, йўл-транспорт, электр энергияси ва муҳандислик-коммуникация тизимини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини янгитдан қуриш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бир қатор ишлар бажарилган бўлса-да, ушбу ҳудудларда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масалалар ўз ечимини топмагани танқид қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ходимларга вазифалар юклатилди.

Паркент туманида ўтказилган йиғилишда туман ҳокими Н. Муҳамедовнинг ахбороти тингланиб, кўтарилган ҳар бир масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят, туман ташкилотлари томонидан олиб борилган ишлар муҳокама қилинди, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Туманда 2019–2022 йилларда саноатни ривожлантириш юзасидан жами 32 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

«Паркент бройлер» МЧЖ томонидан 120 миллиард сўмлик лойиҳа асосида парранда гўшти ишлаб чиқаришга мўлжалланган комплексни ишга тушириш бўйича ушбу тадбиркорлик субъектига 4 гектар ер майдонини ажратиш масаласи ҳал этилмаган. Шу билан бирга, бошқа инвес­тиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида ҳам маълум муаммолар бор. Жумладан, «Паркентфарм» эркин иқтисодий зонаси учун Паркентсой канали устига кўприк қуриш, «Паркент кичик саноат зонаси» давлат унитар корхонаси учун оқава сув тармоғини тортиш зарурати мавжуд.

Ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш борасидаги ишларнинг бориши таҳлил қилинганида, тумандаги 15 та мактабда лаборатория хоналари, 6 та мактабда фаоллар зали, 6 та мактабда спорт заллари ва майдончалари, 6 та мактабда қизларни касб-ҳунарга тайёрлаш ўқув устахоналари, 30 та мактабда компьютер техникаси бўйича етишмовчилик мавжудлиги, шунингдек, 49 та мактабда кутубхоналар янгиланиши лозимлиги маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан туман ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, йўл, сув ҳамда электр ва газ таъминоти тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш бўйича аниқланган муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш юзасидан масъ­ул ходимларга аниқ топшириқлар берилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир ҳудудда ўтказилган йиғилишларга хусусий тадбиркорлар ва инвесторлар ҳам таклиф этилиб, улар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши, мавжуд муаммолар очиқ-ойдин айтилиб, масалаларга қонуний ечим топилди.

Ўтказилган барча йиғилиш­лар якунида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант
П. Бобожонов томонидан ишчи гуруҳ аъзолари бўлган мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, вилоят ва туманларнинг тегишли корхона-ташкилотлари ҳамда ҳудудий секторлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Қибрай, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида бошланган ишларни янада жадаллаштириш борасида тўртта сектор раҳбарлари фаол ва ташаббускор бўлиши, масъулият ва шижоат билан ишлаши шартлиги уқтирилди. Ишчи гуруҳ аъзоларига Инвес­тиция дастури, «Обод маҳалла» ва «Обод марказ» дастурларига киритилган объектлар бўйича ишларнинг боришини назорат қилиш, тасдиқланган жадваллар асосида қурилиш ишларини жойи­га чиққан ҳолда ўрганиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш вазифаси юклатилди.

Халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланиш жараёнида ҳар бир раҳбар, ҳар бир идора ва ташкилот ходими фаол иштирок этиши, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Хуршид РЎЗИЕВ,

майор.