Эл дардига дармон бўлиш – бурчимиз

  • 11:05
  • 13,05-2019
  • 379
  • Улашинг

Бугун мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмушида учраётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш устувор вазифага айланди. Бу борада Қарши шаҳридаги 3-сектор ҳудудида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Шаҳар ИИОФМБ бошлиғи, подполковник Фаррух Ибрагимов раҳбарлигидаги секторга 13 та маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган. Мазкур маҳаллаларда
5360 та хонадон мавжуд.

Жорий йилнинг дастлабки чораги давомида 26 та мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудуддаги хонадонларда бўлиб, мавжуд аҳволни ўрганиб чиқишди. Бу жараёнда 147 та маиший ва ижтимоий аҳамиятга молик муаммо аниқланиб, шундан 117 таси жойида ҳал этилгани эътиборга лойиқ, албатта. Аниқланган муаммоларнинг 30 таси молиявий масалалар билан боғлиқлиги ва муайян вақт талаб этиши инобатга олинган ҳолда, мутасадди идораларга ҳал қилиш учун юборилиб, ижроси назоратга олинди.

«Нуристон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 13-уйда истиқомат қилувчи фуқаролар кейинги пайтда ичимлик суви таъминотида узилишлар бўлаётгани юзасидан сектор раҳбарига мурожаат қилишди. Ишчи гуруҳ аъзолари ва шаҳар «Сувоқава» корхонаси мутахассислари ҳолатни ўрганиб чиқиб, сув тақсимлаш ускуналарида носозлик борлигини аниқлашди ва муаммо тезда бартараф этилди.

Ёшларни иш билан таъминлаш, банк кредитлари ажратиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Аниқроғи, 198 кишига кредит ажратилиб, фуқаролар бандлиги таъминланди.

Сектор кесимида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг уч ойи мобайнида шаҳар ҳудудида содир этилган жиноятлар сони 24 тага ёки 20,1 фоизга камайди. «Янги турмуш» ва «Отчопар» маҳалла фуқаролар йиғинларида умуман жиноятчиликка йўл қўйилмаган бўлса, Беклар, Гунгон ва Алишер Навоий номли маҳаллаларда жиноятлар сони сезиларли даражада қисқарди.

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда ҳар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари «Ўсмир» профилактик тадбири уюштирилаётир. Ўтган уч ойда
24 маротаба ўтказилган тадбирларда 136 нафар вояга етмаган дарс машғулотларига қатнашмаётгани, тиланчилик, бозорларда савдо-сотиқ, аравакашлик билан шуғулланиб юргани аниқланди. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этган шахсларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларни иш билан таъминлаш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби манзилли ишлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Натижада ўғрилик жинояти 50 фоизга, фирибгарлик 8 тадан 3 тага камайишига эришилди.

Ойбек САФАРОВ,

капитан.

Қашқадарё вилояти.