Элни ҳурмат қилган тилни ҳам ҳурмат қилади

  • 11:09
  • 04,09-2019
  • 1289
  • Улашинг

Ёши катталар яхши эслашади. Аслида, мустақиллик учун дастлабки қадам 1989 йилда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинишидан бошланганди. Ўша кезларда мухолиф кучлар кўпчиликни ташкил этар, улар ўз она тилига беписандларча қараб, катта тортишувлар, митинглар уюштиришиб турли баҳоналарни рўкач қилишгани ҳамон ёдимизда турибди.

Қонун шарофати билан маънавиятимизнинг бир бўлаги бўлган қадриятларимизни тиклаш, тилимиз софлигини таъминлаш бўйича асрларга татигулик ишлар қилинди. Луғатимизга мажбурий тиқиштирилган эски ном ва атамалар ўзгарди. Тилимизнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган «келгинди» сўзлар олиб ташланди. Шунга қарамай, ёзиш, сўзларни қўллаш ва талқин этишда мантиқни бузувчи сўзлардан воз кечолмаётганларни кўриб, афсусланасан киши.

Давлат тилига беэътиборлик ва масъулиятни ҳис қилмаслик натижасида турли беўхшов сўзлар ҳануз суқилиб кирмоқда. Суратларда кўриб турганингиз ўзга юртлардан олинган эмас. Сизу биз яшаб турган пойтахтимизнинг энг кўзга ташланадиган кўчаларида фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналари ва савдо дўконларига кириш жойи ҳамда ойналарига ёзиб қўйилган ёзувлардир. Уларга эътибор қаратган киши Ўзбекистонда эмас, балки бошқа бир давлатга келиб қолдиммикин, дея ўйлаши аниқ. Чунки бу жойлардаги «Летняя акция», «Мир матрасов», «Мебель для офиса», «Сдам в аренду или продам», «Всё для вас», «Мы с вами», «Дружба» сингари ёзувларни келтириш мумкин.

Таажжубланарлиси шуки, пешлавҳалар битилган дўкон, ишлаб чиқариш корхонаси ва идораларда ишлаётганларнинг аксарияти юртимизда улғайишган.

Гап ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлган давлат тили ҳақида бораркан, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш ўринлидир: мустабидлик даврида барча соҳалар қатори ФҲДЁларда ҳам ўзбек тилидан мутлақо бехабар бошқа миллат вакиллари атайлаб ишга жойлаштирилган. Фуқаролик ҳолатига далолатнома қайд этишда айнан уларнинг тил билмаслиги ва эҳтиёж сезмагани оқибатида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда паспортлар чалакам-чатти, саводсизларча ёзиб юбораверилган. Ўша кезлари исм-шарифидаги хатоликларни кўтарган кишини сийлаб ўтиришмас, миллатчига чиқаришарди.

Аслида ўзлари миллатчи бўлган саводсизларнинг касри туфайли орадан шунча йиллар ўтиб, мустақил яшаётган эрсак-да, исм-шарифларимиздаги майиб-мажруҳликдан ҳанузгача қутула олганимиз йўқ. Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Айтайлик, Мажидов – Маджидов, Тоғаев – Тагаев, Оппоқов – Аппаков, Хўжаев – Ходжаев... Бундайлар фуқаролик паспортини қўлга олганда дастлаб, шу хатоларни тузатишни ўйламайди, дейсизми? Албатта, ўйлайди, лекин.

О ҳарфини А, Д ни Т, К ни Қ қилиб тўғирлаб ёзиш учун қайсидир ташкилотга бориб, бир неча ўн йиллик ҳужжатларни кўтариш керак. Бир сўз билан айтганда, ғуруримизга айланган паспортимиз эски давр нуқсонларидан халос бўлса, бунинг нимаси ёмон. Қолаверса, битта ҳарфни ўзгартириш учун турли оворагарчиликларга дучор бўлиш ҳафсалани пир қилади.

Хуллас, давлат тили қабул қилинганига ҳам ҳадемай ўттиз йил тўлади. Шунча йиллар ўтса-да, тилимиз мусаффолигини таъминлашга айримларнинг беэътибор бўлаётганини қандай тушуниш мумкин. Ўшларимиз онгу шуурига она тилимизни мукаммал сингдиришда сизу биз масъулиятсизлик қилсак, кези келганда, уларга нима деб жавоб берамиз. Буни ҳар биримиз жиддий ўйлаб кўрмасак, ўзимиз кечира олмаган хатони келажак авлод кечирармикин...

Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ.