Ҳайдовчи, шошма, ҳушёр бўл: йўлда дилбандларимиз

  • 09:09
  • 07,09-2019
  • 821
  • Улашинг

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, болаларда хавфсиз ҳаракатланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида турли тадбирлар, мактаб, боғча, лицей ва коллежларда учрашувлар, викторина ва мусобақалар ташкил этилиб, болаларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимини оширишга ҳаракат қилинмоқда.

Мамлакатимизда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўтказилаётган «Диққат: болалар!» профилактик тадбири ҳам шу мақсадда ташкил этилмоқда. 4–14 сентябрь кунлари амалга оширилиши режалаштирилган ушбу тадбир доирасида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари таълим муассасалари ўқувчилари билан йўл ҳаракати қоидалари бўйича суҳбатлар ўтказишяпти.

Тадбирларда маҳаллий ҳокимият вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ҳамда ҳалқ таълими тизими мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.

Профилактик тадбир доирасида ДЙҲХХ ходимлари томонидан таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича машғулотлар ўтказилиб, ўқитувчи ва мураббийлар томонидан улар назоратга олинган. Шунингдек, мактабларда ҳаракат хавфсизлиги бўйи­ча синфлар, бурчаклар ва махсус автомайдончаларни жиҳозлашда амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ДЙҲХХ ходимлари ҳар бир мактабда «Биринчи қўнғироқ!» тадбирида иштирок этиб, болалар билан йўл ҳаракати қоидалари бўйича суҳбатлар ўтказишди. Автомобиль йўлларига яқин жойлашган ўқув муассасалари атрофида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вақтинчалик ЙПХ постлари ташкил этилди.

«Диққат: болалар!» тадбирини ўтказишга кенг жамоатчиликни жалб этиш, бу борадаги фаолият самарадорлигини ошириш, ҳаракат хавфсизлигини тарғиб этиш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Акмал ЮНУСОВ,

ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати бошлиғи, майор.

Содиқ ҲАКИМОВ

олган суратлар.